Жамият | 13:32 / 12.02.2020
23207
7 дақиқада ўқилади

«Снос» ҳақида «сенсацион мавзу» — Мурожаатчи ҳамиша ҳақми?

Муболағасиз айтамиз: қуйида келтириладиган муаммо деярли барча вилоят ва туманларда илдиз отиб улгурган. Айрим жойларда ҳамон шиддат билан кенгайиб боряпти. Агар буни бугун бартараф этмасак, ҳадемай ҳатто озиқ-овқат маҳсулотларини ҳам четдан олиб келишга тўғри келади.

Бу муаммонинг оқибатлари фақат озиқ-овқат билан боғлиқ эмас, кўлами ўйлаганимиздан ҳам кенг ва хатарли. Гап — минглаб гектар унумдор, сувли ерларнинг ноқонуний сотиб юборилиши ва ўзбошимчалик билан эгаллаб, бино қурилиши ҳақда кетяпти.

Таҳририятга 25 ёшлардаги йигит кириб келди: «Ака, сизлар учун «даҳшатли» битта мавзу бор. Бугун кечда маҳалламиздан 20 киши катта трассага чиқади. Ҳокимиятдан норози. Бориб тасвирга оласизми? Ютубга қўйсангиз кўрасиз сенсацияни...»

Сенсация ортидан қувмаслигимизга йигитни ишонтириб бўлмади. Аммо одатимизга мувофиқ, суриштириб кўрдик. Бир вақтлар фермер бир неча кишига суғориладиган ерни иморат учун сотиб юборган, ҳужжатсиз, асоссиз... Энди фермер ҳам, уй қурган фуқаролар ҳам бу қурилмаларни ҳужжатлаштириш учун сарсон.

Тўғри, сўнгги йилларда қачон, ким уйи бузилаётгани юзасидан мурожаат қилса етиб бордик, ёритдик, жамоатчилик эътиборини кўчада қолиб кетиши мумкин бўлган одамлар тақдирига қаратишга ҳаракат қилдик.

Аммо танганинг иккинчи томони ҳам бор. Модомики ҳужжатсиз, фермернинг экин майдонига уй қурилар экан, вақти келиб унинг бузилмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди. Ҳатто «сенсацион шоу»лар ҳам.

Тўғри тушунинг, алданманг! Агар бу анъана давом этаверса, эртага ерларимиз ўз халқимизни озиқ-овқат билан таъминлашга ҳам етмай қолади.

Икки йил олдин ҳовлисини ўзбошимчалик билан кенгайтириб олган бир фуқаро, қўшиб олинган 3 сотих ерни расмийлаштириб бермаган мутасаддилар олдида ўзига ўт қўйганини эслаймиз. Ўшанда «Ўзбекистонда уйи бузилишига чидай олмаган фуқаро ўзини ёқиб юборди» мавзуси қатор сайтларда роса «айланди». Мутасаддиларнинг жавобгар бўлиб кетишига оз қолганди.

Бугун муаммо қанақа оқибатлар олиб келиши мумкинлиги давлатга аён: икки энли ноқонуний ерни давлатга қайтариш учун мутасаддилар тиш-тирноғи билан курашмоқда. Бошқача айтганда, ҳокимликнинг олдин йўл қўйган хатоси ҳозир айнан яна ҳокимлик олдидаги энг катта муаммо бўлиб турибди.

Худди шу мавзуда яқинда сайтимизда ҳам «Ҳокимлар ноқонуний ер ажратгани учун нега жавобгарликка тортилмаган?» сарлавҳали мақола эълон қилинди. Таъкидланганидек, «Ўзбекистондаги мавжуд 44 млн. гектардан ортиқ ер майдонларининг фақат 9 фоизигина суғориладиган экин ерлардир ва бу майдон кундан-кунга қисқариб боряпти. 15 йил олдин киши бошига 23 сотих суғориладиган ер тўғри келган бўлса, ҳозир бу миқдор 16 сотихга тушиб қолган. Ваҳоланки, айнан 15 йил олдин, аниқроғи, 2006 йилдан бошлаб қишлоқ хўжалиги еридан уй-жой қуриш учун ер участкаси ажратиш Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тўхтатилганди.

Энди тасаввур қилинг, эътиборсиз қолаверсак, яна 15 йилдан сўнг экин майдони яна икки баравар камаяди ва биз озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид билан юзлашамиз.

Биргина Самарқанд вилоятидаги ҳолатни таҳлил қиладиган бўлсак, бугунги кунда вилоятда 436 гектар суғориладиган майдонда уй-жой қуриб олинган. Вилоят прокуратураси маълумотига кўра, ер майдонларини бўшатиш ва ноқонуний қурилишларни буздириш тўғрисида судларга 1549та даъво аризалари киритилган.

Аслида, мусичанинг уйини бузиш ҳам бир фожиа. Кимларнингдир айби, масъулиятни ҳис этмаслиги ортидан кўплаб одамлар зарар кўради. Аммо қанчалик оғир бўлмасин бошқа чора ҳам йўқ. Қатъият кўрсатишнинг ҳам, ер сотганларни жазолашнинг ҳам вақти аллақачон келган.

Баъзи ҳудудларда ноқонуний ерни ажратиб бермаган мутасаддиларга қарата «мен ҳам ўзимни ёқишим керакми?» қабилидаги таҳдидлар ҳам учраб тургани бор гап. Аммо ўша гап, қатъият кўрсатиш вақти келди.

Масаланинг бошқа томонлари ҳам бор.

Яқиндагина бир қишлоқда тўпланиб қолган муаммолар юзасидан мурожаат қилишди. Ростдан ҳам, қишлоқда ҳавас қиладиган ҳеч нарса йўқ. На йўл, на бирор ижтимоий аҳамиятга эга бино...

Мутасаддилар бу қишлоқнинг қандай пайдо бўлганини сўзлаб беришди. Маълум бўлишича, олис, эътибордан анча чекка ҳудуд бўлгани учун йиллар давомида кўпчилик оилалар бу жойларга кўчиб келиб уй қуриб олаверган. Кимдир экин майдонларига, яна кимдир канал ёқасидаги муҳофаза майдонига. Ҳеч қандай ҳужжатсиз. Кейин эса муҳандислик-коммуникация тармоқлари дейсизми, бошқа шароитлар дейсизми, талаб қилиш бошланган: «Давлат – давлатлигини қилсин!» қабилида.

Шундай оилалар 2018 йил «Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияни ўтказиш тўғрисида»ги президент фармони имзолангач уйга ҳужжатли бўлиб қолишди. Адлия вазирлиги маълумотига кўра, 2019 йил 1 майга қадар ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга «амнистия» эълон қилиниши ортидан 589 991 нафар фуқарога ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойларга мулк ҳуқуқи берилган.  

  • «Снос» деганда фуқаролар ва юридик шахсларга фақатгина қонуний тартибда тегишли бўлган ер участкаси ёки унинг бир қисми олиб қўйилиши ва унга яраша компенсация берилиши тушунилади.
  • Ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойлар учун компенсация тўланмайди. Яъни ер эгаллаб олинган ҳеч бир ҳолатда компенсация тўланмайди.

Ана ўша оилалар учун барибир муаммони ёритдик, тегишли идоралар айрим муаммоларни ҳал этишини маълум қилди. Айтмоқчи бўлганимиз, қонунга беписандлик, ўзбошимчалик давлатга ҳам, халққа ҳам бора-бора жуда қимматга тушади.

Олдинроқ, Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида жойлашган Шут қишлоғи учун йўл йўқлиги юзасидан мурожаат бўлганди. Мазкур ҳолат айрим оммавий ахброт воситаларида танқид ҳам қилинган экан. Қизиқиб кўрсак, у ерда ҳам шу аҳвол. Чорва боқиш учун йиллар давомида ёзни шу тоғда ўтказган аҳоли аста-секин уй қуриб шу ерда қолиб кетган. Ана энди давлатдан йўл талаб қилинмоқда. Яна Ўзбекистоннинг энг баланд жойи – Лангар тоғидан. Бу ердан йўл қуришдан кўра иккита қишлоқ қуриб бериш осонроқ. Аммо энди бу ерда оилалар 30дан ошган. Уларга ҳам қийин. Бонг уриш эса осон: «Давлат – давлатлигини қилсин, йўлни қуриб берсин!»

Сўнгсўз ўрнида яна бир бор айтмоқчимиз. Қонунга беписандлик шу тарзда давом этаверса, бу охир-оқибат барчамиз учун жиддий муаммолар келтириб чиқариши мумкин. Хулоса қилиш ҳар кимнинг ўзидан.

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,

Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид