Ўзбекистон | 10:34 / 17.02.2020
8524
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ҳудудида гиёҳвандлик воситаларини ташиш тартиби тасдиқланди

Гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни шаҳар йўловчилар транспортида қўл юки сифатида ташилишига йўл қўйилмайди

Фото: Getty Images

Вазирлар Маҳкамасининг “Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомаласи соҳасидаги низомларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қайд этилишича:

а) “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида” 1999 йил 19 августдаги қонунга мувофиқ гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши лицензияланадиган фаолият тури ҳисобланади;

б) Президентнинг “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини янада қисқартириш ва соддалаштириш, бизнес юритиш шарт-шароитларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 11 апрелдаги фармонига биноан ички ишлар органлари томонидан гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни ташишга рухсатномалар берилиши бекор қилинган;

в) Вазирлар Маҳкамасининг “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида” 2002 йил 28 июндаги қарори билан гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши соҳасидаги фаолиятини лицензиялаш Соғлиқни сақлаш вазирлиги зиммасига юкланган;

г) Вазирлар Маҳкамасининг “Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолиятни лицензиялаш тўғрисида” 2003 йил 16 июлдаги қарорига асосан гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлаш ва ташиш фақат юридик шахслар томонидан амалга оширилади, лицензия олиш учун улар томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига ички ишлар органларининг объектнинг техник талабларга мувофиқлиги тўғрисидаги хулосаси тақдим этилади. 

Қуйидагилар:

Объектлар (хоналар)нинг гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлаш бўйича техник талабларга мувофиқлиги тўғрисида хулосалар бериш тартиби ҳақидаги низом;

Ўзбекистон ҳудудида гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни ташиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Ўзбекистон ҳудудида гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни ташиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар ва прекурсорлардан иборат юкларнинг юк жўнатувчиси ва юкни қабул қилиб олувчиси фақат гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган юридик шахслар бўлиши мумкин.

Гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни автомобиль, шунингдек, қўл юки билан ҳаво ва темир йўл йўловчи транспортида ташиш гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг хоссаларини биладиган ва улар билан муомала қила оладиган юкни жўнатувчи (юкни олувчи)нинг вакили - масъул шахснинг мажбурий кузатувида амалга оширилади.

Юк жўнатувчи (юк олувчи)нинг қарорига асосан гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни ҳаво кемасининг юк-багаж бўлимлари ва темир йўл юк вагонлари билан (қўл юки сифатида эмас) ташиш масъул шахс кузатувида амалга оширилиши мумкин.

Юк жўнатувчи (юк олувчи)нинг қарорига асосан гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни ташиш ушбу мақсадларга ажратиладиган махсус юк жўнатувчи (юк олувчи) ходимларининг қўриқловида амалга оширилиши мумкин.

Ташиш учун масъул шахс, қўриқлаш ходимлари, шунингдек, ташишни амалга оширувчи ходимлар, автотранспорт воситаларнинг ҳайдовчилари (автомобиль транспортида ташишда) юк жўнатувчи (юк олувчи)нинг буйруғи (фармойиши) билан тайинланади.

Гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни ташишда йўлда бўлиш вақти 8 соатдан ортиқни ташкил этган тақдирда икки нафар ташиш учун масъул шахс, икки нафар қўриқлаш ходими, шунингдек, ҳар бир автотранспорт воситасига икки нафар ҳайдовчи (автомобиль транспортида ташишда) ажратилиши тавсия этилади.

Гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни ташишда ташиш учун масъул шахснинг ёнида юк жўнатувчи юридик шахс раҳбарининг имзоси билан тасдиқланган ташилаётган юкларнинг товар-транспорт юкхати бўлиши керак.

Ташиш учун масъул шахс мажбуриятларига қуйидагилар киради:

қўриқлаш ва кузатувни амалга ошираётган ходимларга, автотранспорт воситалари ҳайдовчиларига (автомобиль транспортида ташишда) гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни ортиш, ташиш ва туширишда ташиш қоидалари, юкнинг тавсифи ҳамда шахсий, жамоат ва экологик хавфсизлик чоралари тўғрисида йўриқнома бериш;

юк олинадиган жойларда гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар ва прекурсорлар тўғри қадоқланганлигини ва уларнинг маркировкасини, тамғаларнинг бутлигини ташқи томондан кўздан кечириш ва гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни қабул қилиш;

гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар ва прекурсорлар ортилишини, маҳкамланишини ва туширилишини кузатиш;

гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар ва прекурсорлар жўнатиш жойидан етказиш жойигача кузатиб борилишини ва қўриқланишини таъминлаш, ташиш йўналишига қатъий риоя қилиш;

гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар ва прекурсорлар жўнатиш жойидан етказиш жойигача ташиш чоғида, шунингдек, транспорт воситаларининг тўхтаб туриши давомида хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш;

қўриқлаш ва ташишни амалга оширувчи ходимларнинг шахсий хавфсизлигини, шунингдек, жамоат, экологик хавфсизлик ва гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг бутлигини таъминлаш чораларига риоя қилиниши юзасидан хатти-ҳаракатларига раҳбарлик қилиш;

белгиланган жойга келгандан кейин гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни юкни олувчига топшириш.

Гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни шаҳар йўловчилар транспортида қўл юки сифатида, шунингдек, автомобиль транспортида шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташилишига йўл қўйилмайди.

Мавзуга оид