Жаҳон | 16:20 / 17.02.2020
23220
5 дақиқада ўқилади

Трамп ва Эрдўған Идлибдаги вазиятни муҳокама қилди

Дональд Трамп Россия Сурия президенти Башар Асадни қўллаб-қувватлашни бас қилишини истайди. Бу ҳақда Оқ уй раҳбари Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан телефон мулоқоти вақтида гапирган. Трамп Суриянинг Идлиб провинциясидаги вазият кескинлашаётганидан хавотирдалигини билдирган.

Фото: Anadolu

АҚШ президенти Дональд Трамп туркиялик ҳамкасби Ражаб Тоййиб Эрдўған билан телефон орқали мулоқоти чоғида Суриянинг Идлиб провинциясидаги вазиятни муҳокама қилган ва Россия Суриянинг амалдаги ҳукуматини қўлламаслиги кераклигини айтган.

Anadolu агентлиги хабарига кўра, Америка раҳбари Идлибдаги зўравонлик ҳолатларини қоралаган ҳамда Эрдўғанга Туркиянинг гуманитар фалокатнинг олдини олишга қаратилган ҳаракатлари учун миннатдорчилик билдирган

«Президент Трамп Қўшма Штатлар Россия Асад [Сурия президенти Башар] режимининг ваҳшийликларини қўллаб-қувватлашига чек қўйилиши ва Сурия можароси сиёсий йўл билан ҳал қилиниши тарафдор эканини билдирди», — дейилади Оқ уй релизида.

Бундан аввалоқ Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков АҚШнинг Идлибдаги вазиятга тўғридан-тўғри аралашиши эҳтимоли тўғрисидаги саволга жавоб бераркан, айни вақтда бу мавзуда гаплашишнинг мавриди эмаслигини айтганди. Шу тариқа, у Туркия президентининг Суриядаги вазиятни Дональд Трамп билан муҳокама қилиш ниятига муносабат билдирганди.

Муносабатларда совуқчилик бошланганига қарамай, Туркия ТИВ раҳбари Мавлуд Човушўғли «Известия» нашрига берган интервьюсида Россия ва Туркия Идлиб бўйича якуний келишувни ишлаб чиқиш борасида музокараларни давом эттираётгани ҳақида айтиб ўтган.

«Ҳали кўп ишлаш керак, биз бу масалада Россия билан ҳамкорликни давом эттирмоқдамиз. <…> Биз Сурия муаммоси ҳамкорлигимиз сусайтиришига ва ўзаро муносабатларда акс этишига йўл қўймаслимиз керак», — дея қайд этган туркиялик вазир.

Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Богданов Туркия билан музокаралар самарали бўлишига ишонч билдирган. «Россия томонидан чуқурлаштирилган музокаралар олиб борилади», — деган у.

Туркия раҳбари аввалроқ РФ президенти Владимир Путиндан Сурия президенти Башар Асадга таъсир кўрсатиб, унинг армияси Идлибга юришни тўхтатиши ва февраль ойи охирига қадар суриялик ҳарбийлар туркларнинг кузатув пунктларидан узоқроққа кетишига эришишда ёрдам беришни сўраганди.

Эрдўған агар бунга эришилмаса, Туркия ҳарбий йўл билан жавоб қайтариши мумкинлигини айтганди. Аммо кейинроқ у Анқара февраль ойи охиригача кутмоқчимаслигини айтиб, Сурия армиясидан зудлик билан чекинишни талаб қилганди.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг сўзларига кўра, Туркия томони Идлиб масаласини ҳал қилиш бўйича ўз зиммасига олган қатор мажбуриятларни бажармагани ҳақида гапирган. Хусусан, Анқара шу вақтга қадар қуролли мухолифат ҳудуди чегарасини белгилаб олмагани билдирилган. Туркия вице-президенти Фуат Оқтой эса турклар Идлиб бўйича мажбуриятларини тўлиқ бажарганини иддао этган.

Суриянинг шимолий провинциясидаги вазият январь ойи охирида россиялик ва туркиялик ҳарбийларнинг тинчлик ўрнатиш бўйича уринишларидан кейин кескинлашди. 12 январь куни ўт очишни тўхтатиш режими кучга кирганди, аммо ҳудудда ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилмади. Натижада, россиялик ва туркиялик ҳарбийлар ҳалок бўлишди. Сурия Араб Республикаси ҳукумати армияси 5 февраль куни 2012 йилдан буён мухолифат назоратида бўлиб келган, Идлиб яқинидаги Саракиб шаҳрини босиб олди.

11 февраль куни Туркия томонидан қўллаб-қувватланадиган Сурия мухолифати Асад армиясига қарши икки йўналишда кенг кўламли ҳужумлар бошлади: Саракиб ва унинг шимолидаги Нейраб шаҳарчаси бўйлаб. Айирмачиларнинг ҳужумлари турк артиллерияси кўмагида олиб борилмоқда.

Сурия ҳукумати армияси Дамашқ-Ҳалаб (M5) трассасида деярли тўлиқ назорат ўрнатган, йўлнинг фақат Маарет-Эн-Нууман шаҳри атрофидаги қисми турк ҳарбийлари томонидан тўсиб қўйилган.

  • 12 февраль куни Эрдўған Асад армиясини ва улар билан бирга ҳаракатланган россиялик ҳарбийларни Идлибда тинч аҳолига ҳужум қилишда айблаганди. Анқара Идлиб ҳудудида Сурия армиясининг иккита ҳарбий вертолётини уриб туширган. Дамашқ эса Туркияни мамлакат суверенитетига дахл қилиш ва террорчиларни қўллашда айблаб келмоқда. Россия Мудофаа вазирлиги ҳам Туркия раҳбарининг сўзлари ҳақиқатга мос келмаслигини маълум қилган.

Мавзуга оид