Жамият | 21:21 / 18.02.2020
56964
3 дақиқада ўқилади

Жамшид Кенжаевнинг оиласи учун маънавий зарар ундирилади

Суд 2018 йилнинг ёзида Тошкент шаҳридаги «Aurum-898» тунги клубида ўлдирилган Жамшид Кенжаевнинг оиласига айбланувчилардан жами 300 млн сўм маънавий зарар ундириш тўғрисида ҳукм чиқарди.

Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судида «Aurum-898» тунги клубида ўлдирилган спортчи Жамшид Кенжаевнинг турмуш ўртоғи Олися Руслановна Мирзомуродованинг боқувчисини йўқотгани сабабли етказилган зарар ва моддий ва маънавий зарар ундириш ҳақидаги даъво аризаси бўйича иш кўриб чиқилди.

Суднинг 2020 йил 17 январдаги ҳал қилув қарорига кўра, жавобгар Шодали Ғуломжонович Қиличовдан даъвогар Олеся Мирзомурадова ва Ёқубжон Кенжаев (марҳумнинг отаси) фойдасига жиноят натижасида етказилган маънавий зарар учун 250 000 000 сўм (250 млн) миқдорида компенсация ундирилиши белгиланган.

Шунингдек, жавобгарлар Алижон Хамраев, Жаҳонгир Ёрқулов ва Саидазим Камолдиновдан солидар тартибда марҳумнинг яқинлари фойдасига жиноят натижасида етказилган маънавий зарар учун 50 000 000 сўм (50 млн) компенсация ундирилиши белгиланган.

Бундан ташқари, ҳал қилув қарорига мувофиқ, жавобгар Шодали Қиличовдан даъвогар Олеся Мирзомурадова фойдасига боқувчисини йўқотганлиги сабабли етказилган зарарни қоплаш учун 2018 йил 27 февралда туғилган Аиша исмли фарзандининг 18 ёшга тўлгунига қадар ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баробарининг 1/3 қисми (тахминан 372 минг сўм атрофида – таҳр.) миқдорида зарар ундириб борилади.

Ишни кўриб чиққан судья Олимжон Шамсиевнинг таҳририятга маълум қилишича, ҳал қилув қарори жорий йилнинг 7 февраль куни кучга кирган ва ундирувни таъминлаш учун ижро варақалари чиқарилиб, Мажбурий ижро бюросининг тегишли бўлимларига юборилган.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг 8 августдан 9 августга ўтар кечаси, чамаси соат 00:25 ларда Юнусобод туманидаги «Aurum-898» тунги клуби олдида жанжал оқибатида эркин кураш бўйича халқаро тоифадаги спорт устаси 25 ёшли Жамшид Кенжаев пичоқбозлик оқибатида вафот этганди.

2019 йилнинг январь-март ойларида ушбу қотиллик бўйича суд иши бўлиб ўтган, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида айбланувчиларга ҳукм ўқилган, тунги клуб қўриқчиси бўлган Шодали Қиличов жазони қаттиқ тартибли колонияда ўташ шарти билан 18 йилга озодликдан маҳрум этилган. Шунингдек, тунги клубнинг бошқа қўриқчилари Саидазим Камолдинов, Алижон Ҳамраев ва Жаҳонгир Ёрқуловнинг ҳар бирига 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, озодликдан маҳрум қилиш жазосини манзил-колонияда ўташ белгиланган.

Мавзуга оид