Жаҳон | 00:06 / 18.02.2020
7841
1 дақиқада ўқилади

Пекин автосалони коронавирус эпидемияси сабабли қолдирилди

21-30 апрель кунлари ўтказилиши режалаштирилган Пекин автосалони Хитойда авж олган янги турдаги коронавирус эпидемияси сабабли қолдирилди.

Фото: Globallookpress

Бу ҳақда Automotive News нашри хабар берди. Йирик халқаро кўргазманинг янги ўтказилиши муддати ҳозирча маълум қилинмаган.

Пекин автосалони дунёдаги энг йирик автомобиллар бозори ҳисобланган Хитойдаги энг йирик кўргазмалардан бири ҳисобланади. Автосалонда маҳаллий компаниялардан ташқари, дунёнинг етакчи автомобилсозлик компаниялари, жумладан Mercedes-Benz, Volkswagen, Audi, BMW ва Ford иштирок этади.

Аввалроқ коронавирус сабабли Tesla, Ford, PSA Group, Nissan ва Honda компаниялари Хитойдаги заводларини, Hyundai эса эҳтиёт қисмлари етказилишидаги муаммолар сабабли Жанубий Кореядаги заводларини тўхтатишга қарор қилганди. 

Шунингдек, аввалги ҳафта коронавирус “Формула-1” пойгасининг 17-19 апрелга белгиланган Хитойдаги босқичи бекор қилинишига олиб келгани маълум қилинганди. Хитой гран-приси ташкилотчилари вирус тарқалиши тўхтатилса, пойга 2020 йил давомида ўтказилиши мумкинлигини айтишган.

Мавзуга оид