18:13 / 18.02.2020
0
5731

Венгрия Ўзбекистоннинг ЖСТга киришини қўллаб-қувватлайди

Ўзбекистон ЖСТга кириш учун биринчи марта 1994 йилда ариза берган, аммо 2005 йилдан музокаралар тўхтатилганди.

Петер Сийярто/Фото: Президент матбуот хизмати

Венгрия Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) киришини қўллаб-қувватлайди, деди сешанба куни Венгрия ташқи иқтисодий алоқалар ва ташқи ишлар вазири Петер Сийярто.

"Венгрия ЖСТга аъзо бўлишингизни қўллаб-қувватлайди", - деди у Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Венгрия ҳукуматлараро комиссиясида. - Бундан ташқари, биз GSP+ мақоми берилишини ҳамда ЕИ билан кенгайтирилган битим имзоланишини ҳам қўллаб-қувватлаймиз".

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳозирда базавий имтиёзлар бош тизимидан (GSP) фойдаланади, унга кўра ЕИга 3 мингта маҳсулотни божхона тўловисиз ва 3200та маҳсулотни пасайтирилган ставкаларда экспорт қилиш мумкин. Агар мамлакат плюс имтиёзлар бош тизими (GSP+) бўйича бир томонлама тариф имтиёзларини оладиган бўлса, 6 мингдан ортиқ турдаги маҳсулотни бож тўловисиз олиб кириши мумкин бўлади.

"Доимий вакилларимиз шу ҳафтада Женева ва Брюсселда вакилларингиз билан алоқа ўрнатади. Биз бу борада муваффақиятга эришиш учун зарур бўлган ҳаракатларни келишиб оламиз”, - деди Сийярто.

Ўзбекистон ЖСТга кириш учун биринчи марта 1994 йилда ариза берган, аммо 2005 йилдан музокаралар тўхтатилганди. Айни пайтда Ўзбекистон томони ушбу жараённи тикламоқда.

Аввалроқ, Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисидаги келишув 2020 йил бошида имзоланиши кутилаётганини айтганди.

Ўзбекистон ва Евроиттифоқ ўртасидаги амалдаги ҳамкорлик келишуви 1999 йил 1 июлда имзоланган бўлиб, янги шартнома ушбу битимнинг ўрнига амал қила бошлаши кутиляпти.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top