Жамият | 19:12 / 21.02.2020
3510
5 дақиқада ўқилади

Фарғонада янги мактабгача таълим ташкилотлари қуриб фойдаланишга топширилди

Мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини такомиллаштириш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Фарғона вилояти мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Юлдузхон Ходжаеванинг таъкидлашича, ҳозирги кунда вилоятда 1692 та мактабгача таълим ташкилотлари фаолият юритмоқда.

Мазкур масканларда болажонларнинг таълим-тарбия олишлари учун барча шароитлар яратилган бўлиб, улар замонавий юмшоқ мебель ҳамда ўйинчоқлар билан тўлиқ таъминланган. Жорий 2020 йилда давлат-хусусий шериклигидаги мактабгача таълим муассасалар тармоғини кенгайтириш ва қамров кўрсаткичларини ошириш мақсадида 644 та янги мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этиш режалаштирилиб, вилоятда қамров кўрсаткичларини 71 фоизга етказиш кўзда тутилмоқда.

Куни кеча вилоятнинг Олтиариқ туманидаги “Олтиариқ спорт сервис” МЧЖ қошида тадбиркор М.Боймирзаев томонидан “Севинч” номли давлат-хусусий шерикчилик асосидаги янги нодавлат мактабгача таълим ташкилоти қуриб фойдаланишга топширилди. Мазкур ташкилотни қуриб фойдаланишга топширишга 4,7 млрд сўм маблағ сарфланди. Мазкур таълим даргоҳида болаларни таълим-тарбия олишлари, тил ўрганишлари учун замонавий таълим дастурлари ва технологияларини татбиқ этилиб, болаларни ҳар томонлама интеллектуал, маънавий-эстетик, жисмоний ривожлантириш учун барча шароитлар яратилган. Мазкур ташкилот фаолияти йўлга қўйилиб Олтиариқ туманидаги 200 нафар болажонлар мактабгача таълимга қамраб олинди.

Қўқон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йил 19 декабрда қабул қилинган ПҚ-4067-сонли қарорига асосан 19-сонли ҳамда 28-сонли Давлат мактабгача таълим ташкилотлари тўлиқ реконструкциядан чиқарилиб, фойдаланишга топширилди.

19-сонли мактабгача таълим ташкилоти реконструкцияси учун жами 5,2 млрд сўм маблағ сарф этилиб, қурилиш ва таъмирлаш ишлари “Тўлабой ёғдуси” МЧЖ  томонидан олиб борилди. Ушбу таълим-тарбия маскани қамров қуввати 350 ўринни ташкил этади.          28-сонли мактабгача таълим ташкилоти таъмирига жами 6,2 млрд сўм маблағ ажратилиб, қурилиш ва таъмирлаш ишлари “Барака файз” МЧЖ қурувчилари томонидан олиб борилди. Қамров қуввати 400 ўринлидир. Замон талабларига жавоб берадиган ҳар томонлама қулайликларга эга мазкур масканларда барча шароитлар яратилган бўлиб, тўлиқ замонавий инвентарлар, юмшоқ мебель ва ўйинчоқлар билан таъминланган.

Бағдод тумани тадбиркор Н.Тожиев томонидан “Kids international akademy” номли давлат-хусусий шерикчилик асосидаги янги нодавлат мактабгача таълим ташкилоти қуриб фойдаланишга топширилди. Мазкур ташкилотни қуриб фойдаланишга топширишга 2,2 млрд сўм маблағ сарфланди. Мазкур таълим даргоҳида 150 нафар болаларни таълим-тарбия олишлари учун барча шароитлар яратилди.

Фарғона шаҳрида тадбиркор А.Қодиров томонидан “Good baby” номли давлат-хусусий шерикчилик асосидаги янги нодавлат мактабгача таълим ташкилоти қуриб фойдаланишга топширилди. Мазкур ташкилотни қуриб фойдаланишга топширишга 3,1 млрд сўм маблағ сарфланди. Мазкур таълим даргоҳида 100 нафар болаларни таълим-тарбия олишлари учун барча шароитлар яратилди.

Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур мактабгача таълим ташкилотларининг хоналари миллий, маданий, тарихий қадриятларни акс эттирувчи ва болаликдан китоб ўқишга қизиқишни уйғотувчи ўқув-методик, дидактик ўйинлар ва ўйинчоқлар, бадиий адабиётлар билан жиҳозланган. Мактабгача таълим ташкилотларнинг ташқи томонида эса болалар учун ўйин ва спорт майдончалари, эртаклар шаҳарчаси ҳамда ёзги айвончалар замон талаби даражасида қуриб битказилиб юқоридаги таълим ташкилотларида 100 та янги иш ўринлари яратилди.

Ўтказилган тадбирларда Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Ф.Қосимов, Мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Ю.Ходжаева, Қўқон шаҳар ҳокими М.Усмонов, Фарғона шаҳар ҳокими Х.Хабибиддинов, Олтиариқ тумани ҳокими Х.Ниёзов, Олий мажлиси сенати аъзолари Э. Сиддиқова, Т.Холдоров ва туман ва шаҳар сектор раҳбарлари иштирок этишди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид