12:18 / 21.02.2020
0
11928

Жанубий Кореянинг иккита шаҳри коронавирус сабабли алоҳида назоратга олинди

Фото: EPA-EFE

Жанубий Кореяда 2,4 млн кишилик Тэгу ва 50 минг кишилик Чхондо шаҳарлари “алоҳида эътибордаги ҳудудлар” деб эълон қилинди. Бунга ушбу шаҳарларда коронавирусдан касалланиш ҳолатлари сони кескин ошиб кетгани сабаб бўлган. 

“Ҳукумат коронавирусдан касалланиш ҳолатлари сони кескин ошиб кетгани сабабли Тэгу ва Чхондо шаҳарларини алоҳида эътибордаги шаҳарлар деб эълон қилиб, махсус чоралар кўрмоқда”, деб маълум қилган Жанубий Корея бош вазири Чон Се Гюн ҳукуматнинг коронавирусга бағишланган йиғилишида.

Бош вазирнинг таъкидлашича, ҳукумат коронавирус тарқалишининг маҳаллий даражада олдини олишга эътиборни кучайтиради. У, шунингдек, вирусга қарши курашга барча кучлар сафарбар қилинишига ваъда берган. 

Шунингдек, маълум қилинишича, Жанубий Кореянинг Чежу оролидаги ҳарбий базада бир денгизчида коронавирус аниқланган. У бундан аввал она шаҳри Тэгуда бир ҳафтача бўлган ва шундан кейин базага қайтган. У вирусга қандай чалингани ҳозирча номаълумлигича қолмоқда.

Шу сабабли Жанубий Корея мудофаа вазирлиги барча ҳарбийларга 22 февралдан бошлаб ўз базасидан ташқарида дам олиш ва бўлишни тақиқлаган.   

Сеул 21 февралда коронавирусдан 52 та янги касалланиш ҳолати қайд қилингани, мамлакатда касалланганларнинг умумий сони 156 нафарга етганини маълум қилди.  

Охирги кунларда Жанубий Кореянинг Тэгу шаҳри ва унга қўшни Шимолий Кенсан вилоятида коронавирусдан касалланиш ҳолатлари сони кескин кўпайгани қайд қилинмоқда. Бу ҳолат коронавирусга чалинган бир киши мингга яқин одам йиғилган черковга ташриф буюргандан кейин кузатилмоқда.

Аввалроқ Жанубий Кореяда коронавирусдан илк ўлим ҳолати қайд этилгани тасдиқланганди.  

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top