Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Болага тааллуқли ҳар қандай масалада унинг фикри инобатга олинади - Сенат
Ўзбекистонда бола ҳуқуқларини кафолатлаш борасидаги бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилиши кутилмоқда
Айни дамда давом этаётган Сенатнинг иккинчи ялпи мажлисида сенаторлар бола ҳуқуқларининг қўшимча кафолатлари белгиланиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритиш масаласини кўриб чиқишди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
“Бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”ги қонун, “Оила кодекси”, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун ҳамда “Жиноят процессуал кодекси”га бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши белгиланмоқда.
Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаевнинг маълумот беришича, алимент ундириш масаласида янги тартиб ўрнатилади. Яъни 14 ёшга тўлган бола ота-онаси билан яшамаган тақдирда, ўз таъминоти учун ота ёки онадан, ёки уларнинг ҳар иккисидан алимент ундириш ҳақида даъво қўзғата олиши мумкин бўлади.
Шунингдек, боланинг ҳаёти билан боғлиқ ҳар қандай масалада унинг фикри бирламчи омил сифатида инобатга олишини ҳам қонуний асос билан қатъийлаштирилмоқда.
“Ваколатли органлар ва уларнинг мансабдор шахслари ҳозирга қадар боланинг манфаатлари билан боғлиқ масалани ҳал этишда унинг фикрига жиддий қарамаган . “Ёш бола нимани ҳам биларди”, қабилида иш тутилган. Эндиликда қарор қабул қилувчи органлар ва мансабдор шахслар болага тааллуқли ҳар қандай масалани ҳал қилишда, ёшидан қатъий назар, боланинг фикрини энг муҳим омил сифатида инобатга олиши кўрсатиб ўтилмоқда”, дейди Бахтиёр Сайфуллаев.
Маълум қилинишича, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунга киритилаётган ўзгартиришга асосан, вояга етмаган шахслар ўз эркинликлари, ҳуқуқларига эга бўлиши бўйича давлат органларига мустақил равишда мурожаат қилишга ҳақли. Давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан бу мурожаат кўриб чиқилиши боланинг қонуний вакиллари − васийлик ва ҳомийлик органлари иштирокида амалга оширилиши мумкин. Вояга етмаган шахслар тўлиқ муомалага лаёқатли бўлмагани учун уларнинг мурожаатлари кўриб чиқилмаслигига йўл қўйилмайди.
Сенаторлар қонун ҳужжатларига киритилаётган мазкур ўзгартириш ва қўшимчаларни бир овозда маъқуллади.
Мавзуга оид
19:45 / 13.06.2026
Сенат аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунни маъқуллади
15:29 / 13.06.2026
Сенат Тошкент халқаро молия маркази тўғрисидаги қонунни рад этди
08:33 / 05.06.2026
АҚШ Россияга қарши санкцияларни кенгайтириш сари қадам ташлади
17:36 / 23.05.2026