Ўзбекистон | 10:19 / 28.02.2020
8002
2 дақиқада ўқилади

Педагогика таълим соҳасини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгиланди 

Президент “Педагогик таълим соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади

Ҳужжат билан қуйидагилар педагогика таълим соҳасини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари этиб белгиланди:

тарбия ва ўқитиш усуллари, ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда хорижий тилларни пухта ўзлаштирган, таълим жараёнида замонавий педагогик технологияларни қўллаш кўникмаларига эга профессионал педагог кадрлар тайёрлаш;

педагогик касбга қизиқиши юқори бўлган ёшларни аниқлаш ҳамда уларни мақсадли тайёрлаб ва тарбиялаб боришнинг узлуксиз тизимини жорий қилиш;

педагогик таълим соҳасининг таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича ўқув режа ва дастурларини илғор хорижий тажриба асосида такомиллаштириш, инновацион ўқув-меъёрий ва таълим ресурсларини яратиш ҳамда амалиётга жорий этиш;

соҳада таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш уйғунлигини таъминлаш орқали таълим сифатини яхшилаш, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, илмий ва инновацион фаолиятни самарали ташкил этиш;

педагог кадрлар буюртмачилари эҳтиёж ва талабларини мунтазам ўрганиб бориш, улар билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда педагог кадрлар тайёрлашнинг илмий асосланган истиқболли режаларини белгилаш ва уларни амалга ошириш;

олий педагогик таълимга рақамли технологияларни жорий этиш, замонавий ахборот-коммуникация ва таълим технологияларининг мустаҳкам интеграциясини таъминлаш пировардида педагог кадрларнинг касбий маҳоратини узлуксиз ривожлантириб бориш учун қўшимча шароитлар яратиш;

педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасаларини тизимли ривожлантириш ва уларда бошқарув фаолиятини такомиллаштириш;

педагогик таълим инфратузилмасини яхшилаш, соҳадаги халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш;

юксак маданиятли, амалий касбий кўникмага эга, тарбия, ўқитиш методлари ва баҳолаш мезонларини пухта эгаллаган замонавий педагог кадрларни шакллантириш жараёнлари самарадорлигини ошириш.

Мавзуга оид