Ўзбекистон | 12:19 / 28.02.2020
1829
2 дақиқада ўқилади

«Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида»ги қонун сенаторлар томонидан рад этилди

Тошкент шаҳрида Сенатнинг ялпи мажлиси давом этмоқда.

Фото: KUN.UZ

Kun.uz мухбири хабарига кўра, “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқишда қайд этилганидек, иқтисодиётнинг глобаллашув, хўжаликлараро, давлатлараро алоқалар ривожланаётган ҳамда минтақавий ва халқаро даражаларда қонунчилик бирхиллаштирилаётган бир шароитда ҳам миллий, ҳам халқаро даражада бозор муносабатларининг асосий элементларидан бири ҳисобланган халқаро арбитраж тижорат низоларини ҳал этишнинг муқобил, суддан ташқари шакли сифатида тобора катта аҳамият касб этмоқда.

Шуларни инобатга олиб, мазкур қонун зарурати бир қатор омиллар билан асосланади.

Бироқ, сенаторлар таъкидлаганидек, қонунда қатор концептуал камчиликлар мавжуд. Масалан, қонуннинг 3-моддасида унинг қўлланилиш соҳаси белгиланган бўлса-да, халқаро тижорат арбитражи тушунчаси ва тамойиллари очиб берилмаган.

Шунингдек, 6-моддада қонуннинг қўлланилиш соҳасини батафсил изоҳлаш ўрнига ҳал қилиш учун халқаро тижорат арбитражига топширилиши мумкин бўлган низолар санаб ўтилган. Бу ва бошқа камчиликлар туфайли Қонунни жиддий такомилига етказиш зарурлиги таъкидланди. Қонун сенаторлар томонидан рад этилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид