Сурхондарё вилоятида юз берган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида бир киши вафот этди
2020 йил 15 февраль куни Олтинсой туманида тахминан соат 16:00да, туманнинг “Қизилтепа” маҳалласи ҳудудидан ўтувчи маҳаллий йўлда Шўрчи тумани “Эгарчи” маҳалласида яшовчи Ш.А. “Нексия” русумли автоулов бошқарувини йўқотган.
Сурхондарё вилояти ИИБ ахборот хизмати хабарига кўра, оқибатда қарама-қарши томонидан келаётган, Шўрчи тумани “Ойнакўл” маҳалласида яшовчи А.А. бошқарувидаги “Зил” русумли автоуловининг йўлига чиқиб кетиб, тўқнашув содир бўлган.
Натижада, “Нексия” йўловчиси, Қумқўрғон туманида яшаган М.Х. суд-тиббий экспертизасининг 2020 йил 29 февраль кунидаги хулосасига кўра “ҳаёт учун хавфли бўлган оғир” тан жароҳати олиб, 29 февраль куни соат 09:30да касалхонада вафот этган.
29 февраль куни Ш.А.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.