14:10 / 04.03.2020
7
23253

Тошкент вилоят ҳокимлигига савол: якшанба дам олиш куними ё ҳашар?

2020 йил бошидан мамлакатда ишчи-хизматчиларнинг муносиб дам олишлари, улар меҳнат қонунчилигига биноан, дам олиш кунларини оила аъзолари билан ўтказишларини таъминлашга жиддий эътибор қаратилмоқда. Бироқ, жойларда ободонлаштириш мақсадида якшанба кунлари ҳашар ўтказиш ҳолатлари кўзга ташланмоқда.

Баҳорнинг илк куни якшанба бўлишига қарамай, аввалдан белгилаб қўйилгани боис, Тошкент вилоятининг Оҳангарон ва Бўстонлиқ туманларидан тушган мурожаатларни ўрганиш мақсадида йўлга чиқдик. Тошкент-Олмалиқ йўлига тушиб оларканмиз, йўллар ўртасидаги тўсиқларни юк машиналари ювиб бораётганига кўзимиз тушди.

Оҳангаронга бурилишимиз билан йўлнинг икки ёнида сариқ нимчали ходимлар ишлаётганига гувоҳ бўлдик. Кимдир ер ағдараётган бўлса, яна кимдир дарахтларни оҳакламоқда, кўпчилик бўлиб арча кўчатларини ўтқазаётганлар ҳам бор. Бошқа бир гуруҳ йўл четларидаги бетон устунчалар, тўсиқчаларни оқламоқда.

Бугунги кунда давлат раҳбарияти ва ҳукумат томонидан ишчи-хизматчиларнинг якшанба кунларини оила бағрида ўтказишларига катта эътибор берилаётгани, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Бош прокуратура Меҳнат кодекси талабларига риоя қилиниши қатъий назоратда эканлигини сўзлаб турган бир вақтда, ободонлаштириш бўлими ходимларининг ёппасига бир ҳудудда ишлаши боис, қизиқишимиз янада ортди.

Мурожаатчилар билан учрашиб қайтар эканмиз, йўлнинг бир четига тўхтаб, ишчилар ва шу ерда ишни назорат қилинаётгани кўриниб турган кишиларни саволга тутдик.

– Бугун якшанба бўлишига қарамай, ободонлаштириш бўлими ходимлари ишламоқда. Уларга якшанба дам куни ҳисобланмайдими?

– Энди, ҳашар дейишган эди.

– Ҳашарни фақатгина давлат раҳбарининг ўзлари белгилайди ва эълон қилади-ку ахир.

– Тўғри, ака, нима саволингиз бўлса, раҳбаримизга беринг, биз кичкина одам. Шу атрофда юрибдилар, фалон рақамли «Нексия-3»да.

Биз «Нексия-3»ни қидирар эканмиз, йўлимизда давом этдик. Оҳангарон шаҳрининг марказий йўли четларида эса, ободонлаштириш хизмати ходимлари ишламоқда. Тошкент йўлига тушишга яқин қолганимизда яна тўхтадик. Аммо биз излаган «Нексия-3»га кўзимиз тушмади. Бу ерда зарғалдоқ нимчаларининг ортига «Янгийўл ободонлаштириш бўлими», деб ёзилган ишчиларни кўргач, ҳашар кўлами кенглигини англадик. Бу ерда ишлаётганларга раҳбарлик қилаётганларни саволга тутамиз.

– Ҳорманг, ака. Оҳангаронда ҳашар бўляпти, экан-да. Янгийўлдан ҳам келишибдими ёрдамга?

– Саломат бўлинг. Худди шундай ака.

– Президентимиз барча давлат ташкилотларида ишлаётганлар дам олиш кунини оиласи бағрида ўтказсин, демоқда. Бу ишчиларнинг ҳам оиласи бордир?

– Бу йўлдан давлат раҳбари ўтади, шунга тайёргарлик кўряпмиз.

– Тушундим, аммо бугун якшанба бўлса. Якшанба дам олинглар деяпти. Қолаверса, давлат раҳбаримизнинг ўзлари Сирдарёга борганларида қаер қандай аҳволда эканлигини жуда яхши билишларини, кўзбўямачилик қилиш керакмаслигини, барчасига бир ярим йилда эришиб бўлмаслигини ҳам айтган эдилар-ку.

Суҳбатимиз шу ерда тугади. Биз йўлимизга равона бўлдик. Ушбу ҳолатни батафсил ёзишдан мақсад – қайсидир вилоятда ҳашар ўтказилаётганига алоҳида урғу қаратиш эмас, аксинча, барча бирдек дам олишга ҳам ҳақи борлигини яна бир бор ёдга солишдир.

Таъкидлаш ўринлики, суҳбатдошларимиз ҳашар ташаббускори кимлиги ҳақидаги саволларимизга аниқ жавоб беришмади.

Шу билан бирга, бундай ҳолат бошқа вилоятларда бўлмаяпти, деб ҳеч ким айта олмайди. Ободонлаштириш ишлари керак, уни ҳамма ўз уйидан бошлаши лозим, аммо қоғозга ёзилган қонунлар қоғозда қолиб кетмасин, балки барча унга бирдек риоя қилсин, деймиз.

Зеро ҳар бир эркин ва озод фуқаро дам олиш кунида дам олиш, оиласи ва фарзандлари даврасида бўлиш, ота-онаси ёки бошқа яқинлари холидан хабар олиш ҳуқуқига эга.

Дарвоқе, Меҳнат кодексининг 157-моддасига кўра, иш вақтидан ташқари ишлар, дам олиш кунлари ва байрам кунларидаги ишлар учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади. Дам олиш кунидаги иш ходимнинг хоҳишига қараб бошқа дам олиш куни (отгул) бериш билан қопланиши мумкин. 

Ушбу ҳолат юзасидан Тошкент вилоят ҳокимлигидан Оҳангарон ва Янгийўл туман (ва катта эҳтимол билан бошқа туманлар) ободонлаштириш бўлимининг ўз ходимларини якшанба куни ишга жалб этишига асос бўлган ҳужжат ва шу куни ишлаганлиги учун ходимларга қандай компенсация белгиланганига оид муносабатини кутиб қоламиз.

Толиб Раҳматов

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top