ID-карта бизга керакми? Хорижий тажриба: Қаерда қандай?
2021 йил 1 январдан бошлаб биометрик паспорт ўрнига 10 йил муддатга ҳужжат эгасининг шахсини ва фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжат сифатида идентификация ID-картаси берила бошлаши ҳақидаги хабар жамоатчилик ўртасида турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда.
Кимдир ID-карталар асосан ривожланган мамлакатларда жорий этилганини таъкидласа, кимдир эндигина биометрик паспорт олганини, бу эса навбатдаги оворагарчилик эканини айтмоқда. Яна кимдир эса 2030 йил 1 январдан бошлаб амалдаги биометрик паспорт бекор қилинар экан, нега бошданоқ унинг ўрнига ID-карта жорий қилинмади, деган саволни бермоқда.
Масалани янги турдаги биометрик паспорт, янги турдаги ҳайдовчилик гувоҳномаси каби бир қатор «алмаштиришлар» қаторида тилга олганлар ва буни халқдан пул йиғишнинг янги бир услуби сифатида талқин қилаётганлар ҳам бор.
Айрим журналист ва блогерлар эса ID-картага нима учун фуқаронинг яшаш жойи киритилаётгани, яшаш жойи ўзгарса, янги карта олишга тўғри келиш-келмаслигига оид саволларни ўртага қўйишмоқда. Айниқса, прописка тизимида ўзгариш бўлиши кутилаётган айни замонда ID-картага яшаш манзилининг киритилиши бу борадаги эски тизимнинг моҳиятан ўзгармай қолаётгани ҳақидаги эътирозларни келтириб чиқармоқда.
Вазирлар Маҳкамаси томонидан эълон қилиниши кутилаётган «Ўзбекистон Республикасида идентификация ID-карталарини расмийлаштириш ва бериш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорнинг тўлиқ матнида шу каби кўплаб саволларнинг жавоби ўз ифодасини топиш эҳтимолдан холи эмас. Шундай бўлса-да, ўқувчиларимизга ID-карта нима экани, унинг ўзига хос хусусиятлари, бу борадаги хорижий тажриба, мамлакатларнинг ID-карталари ўртасидаги фарқлар хусусида маълумот беришини лозим топдик.
ID-карта нима?
ID-карта (identity card) – шахсни тасдиқловчи ҳужжат. Одатда, пластик карта ҳажмида бўлади. Баъзи мамлакатларда шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар миллий гувоҳнома сифатида расмийлаштирилади. Бу турдаги ҳужжатда фотосурат бўлса, у фотосурат идентификатори, деб номланиши ҳам мумкин.
Кўплаб мамлакатларда шахсни тасдиқловчи расмий ҳужжат бўлмаса, ҳайдовчилик гувоҳномаси унинг ўрнига ўтиши мумкин. Айрим давлатлар ҳайдовчилик гувоҳномаларини идентификация сифатида қабул қилмайди, бунинг сабабларидан бири уни осонгина сохталаштириш мумкинлигидир.
Баъзи мамлакатларда фуқаролардан шахсни тасдиқловчи ҳужжатни ўз ёнида доимий олиб юриш талаб қилинади. Бундай вазиятда эса ID-карталарнинг ихчам ҳажми уларга қулайлик туғдириши мумкин.
Бизга нима беради?
ИИВ ахборот хизматининг билдиришича, ID-карталарни бериш тизимига ўтиш ривожланган хорижий давлатлар тажрибасини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилмоқда ва у:
– фуқароларни рақамли идентификация қилиш тизимини жорий этишни жадаллаштиради;
– фуқароларнинг бирламчи маълумотларини Ўзбекистон Республикаси вазирлик ва идораларининг ахборот тизимларига интеграциялаш жараёнини автоматлаштиради;
– аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш жараёнини осонлаштиради ва оптималлаштиради.
ID-карталар, одатда, шахсни у тўғрисидаги маълумот базаси билан боғлаш учун ишлатилади. Ягона миллий идентификация рақами энг хавфсиз усул, деб баҳоланади. Масалан, Швецияда хусусий компаниялар, банклар (хавфсизлик сабабларини кўрсатган ҳолда) Швед картаси бўлмаган жисмоний шахсга гувоҳнома беришдан бош тортадилар. Аммо баъзи мамлакатларда ID-карта тизими умуман йўқ ёки у шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар сирасида қайд этилмайди.
Қай даражада ишончли?
ID-карта бир қанча афзалликлар ва қулайликлар яратиши баробарида муайян шахс ҳақидаги бирламчи маълумотлар калити бўлгани учун ўзга инсон қўлида (карта йўқотилганда ёки ўғирланганда) жиноят қуролига айланиши мумкин. Хорижий мамлакатлар тажрибасидан бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин.
Хорижий тажриба: қаерда қандай?
Мамлакатларнинг ID-карталари бир-биридан ўзаро фарқ қилади. Туркия Буюк Миллат Мажлиси тадқиқот маркази томонидан олиб борилган тадқиқотда Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судининг шахсий гувоҳномалардан динга оид маълумотларнинг олиб ташланишига оид қарори ортидан хорижий мамлакатлардаги шахсий гувоҳномалар синчиклаб ўрганиб чиқилган ва шунга асосан, ID-карталар амалиётга жорий этилган.
Бугунги кунда Туркиянинг ҳар қандай расмий давлат идорасида давлат-фуқаро муносабатлари мовий рангдаги ID-карталар ёрдамида амалга оширилади: банк, шифохона ва турли юридик амалиётлар шулар жумласидандир. Таъкидлаш жоизки, ушбу давлат бу борада самарали натижаларни қўлга киритган: деярли ҳар бир расмий давлат идораси ягона умуммиллий базага уланган. Пировардида, ортиқча бюрократик ҳолатлар ва беҳуда вақт сарфининг сезиларли камайишига эришилган. Худди шу амалиёт хорижликлар учун ҳам жорий этилган бўлиб, улар пушти рангдаги ID-карталардан фойдаланишади.
Ушбу картанинг олд тарафида шахснинг 11 хонали ID-рақами, исм-фамилияси, туғилган санаси, миллати, карта серия рақами, орқа томонида эса истиқомат тури, карта берилган сана ва унинг амал қилиш муддати, шахснинг яшаш маъмурий ҳудуди (одатда, фақатгина вилоят ёки шаҳар номи), карта ким томонидан берилгани ҳақида маълумотлар ва QR тизим жой олган.
Европа Иттифоқи ID-карталари ҳам пластик карталарга ўхшаш карталардан иборат. Карта олд тарафининг чап қисмида фотосурат, мамлакат номи, карта рақами, шахснинг идентификация рақами, исм, жинс, туғилган сана ва амал қилиш муддати ва имзо мавжуд. Шахсий гувоҳноманинг орқа томонида карта эгасининг фамилияси, туғилган жойи, манзили, бўйи, кўз ранги, шунингдек, картанинг берилиш санаси ва жойи кўрсатилган.
АҚШда шахсни тасдиқловчи ҳужжат мавжуд эмас. Тамаки ва алкогол маҳсулотларини сотиб олиш, банкда ҳисоб рақамларини очиш ва авиачипталарни сотиб олишда ҳайдовчилик гувоҳномалари шахсий гувоҳномалар ўрнига ўтади. Машина ҳайдамайдиганлар эса ҳайдовчилик гувоҳномасини берувчи муассасалардан худди шу турдаги ҳужжатларни олишлари мумкин. Яъни шахсий гувоҳномалар ўрнига ҳайдовчилик гувоҳномаси ёки ўқотар қуроллар учун лицензиялар каби турли хил идентификация тизимларини рағбатлантириш алтернативалари мавжуд.
Хитойда шахсий гувоҳномада карта эгасининг фотосурати, исми, жинси, миллати, туғилган санаси, манзили ва амал қилиш муддати билан бир қаторда идентификация рақами мавжуд.
Болгарияда 2000 йилдан бери ишлатиб келинаётган ID-карталар 14 ёшдан бошлаб мажбурийдир. Янги карталар Европа Иттифоқи доирасидаги амалиётга мос келади.
Португалиядаги шахсий гувоҳномаларнинг олд томонида португал герби, фотосурат, кўрсаткич бармоқдан олинган бармоқ изи; орқа томонида эса карта рақами, исм, туғилган сана, ота-она исми, туғилган жойи, яшаш жойи, оилавий ҳолати, бўйи, амал қилиш муддати ҳақидаги маълумотлар мавжуд.
Мозамбикдаги гувоҳномаларда фотосуратлар, бармоқ излари, идентификация рақамлари, исм, жинс, миллат, туғилган сана, жой ва сана, шунингдек бўй, касб, манзил ҳақидаги маълумотлар ва имзо ўрин олган.
Сингапур фуқароларига пушти рангда, мамлакатда доимий яшайдиганлар учун эса мовий рангда берилган шахсий гувоҳномаларнинг олд тарафида исм-фамилия, ирқ, туғилган сана, жинс, туғилган жой ҳақидаги маълумот ва рангли фотосурат бор. Картанинг орқа томонида бармоқ излари, берилган сана ва манзил мавжуд. Доимий равишда истиқомат қилаётганларнинг миллати шахсий гувоҳномаларга киритилган бўлса-да, ушбу бўлим Сингапур фуқаролари учун бўш қолдирилади.
Индонезияда 17 ёшга тўлганлар шахсий гувоҳномасини олиб юришлари шарт. Ушбу карталарнинг орқа томонида диний эътиқод билан боғлиқ бўлим жойлашган.
Грецияда ҳам карталарда имзо, фотосурат, исм-фамилия, отанинг исм-шарифи, онанинг исми ва қизлик фамилияси, туғилган жойи ва санаси, бўйи, муниципалитети ва картанинг ким томонидан берилгани ҳақида маълумотлар мавжуд. 2000 йилдан сўнг шахсий маълумотларга оид ахборотлар олиб ташланган.
Исроил фуқаролари ва доимий аҳоли учун фойдаланиладиган шахсий гувоҳномаларда «этник миллат» категорияси бор. Ушбу категорияда, яҳудий, араб каби ифодалардан ташқари, юздан ортиқ вариантлардан фойдаланиш мумкин. Ҳатто «яҳудий эмас» деган таъриф ҳам мавжуд. Шунингдек, Ал-Қудснинг шарқий қисмида истиқомат қилувчи фаластинликлар учун ҳам шахсий гувоҳномалар мавжуд.
Малайзияда шахсни тасдиқловчи карталарга кишиларнинг ирқи ҳақидаги маълумот ҳам киритилган. Ҳукумат 1999 йилда дин бўлимини ҳам киритган.
Мянма (Бирма) шахсий гувоҳномаларида ирқ ва дин тўғрисидаги маълумотлар мавжуд. Карталарда буддизм, христианлик, ҳиндуизм ва анъанавий динлар акс этган.
Брунейда бўлганлар ўз динларини тасдиқловчи ҳужжатларни олиб юришлари керак.
Лаосда ишлатиладиган ID-карталар эгаларининг динини англатади. Диний бўлинмани олиб ташлаш тўғрисидаги сўровлар рад этилади.
Харажатлар. ID-карта тўлови қанча?
ID-карталар тизимини ишлаб чиқиш ва фани амалиётга жорий этиш харажатлари жуда катта суммани ташкил қилиши мумкин. Буюк Британияда қолдирилган шахсни тасдиқловчи ҳужжат дастурида бир киши учун учун 30 фунт стерлингдан 90 фунт стерлинггача ёки ундан юқори бўлган сумма таклиф қилинган. Чилида гувоҳнома учун ҳар бир киши томонидан 6 фунт стерлинггача тўланади. Айни кунда Туркияда ID-карта тўлови 25 лира (хорижликлар учун 110 лира). Бошқа мамлакатларда, масалан, Франция ёки Венесуэлада ID-карта бепул. Бироқ юқорида келтирилган рақамлар картанинг асл нархини ифодаламайди, чунки қўшимча тўловнинг бир қисми солиқ тўловчилар томонидан қопланиши мумкин.
Ўзбекистонда ID-карта олиш учун давлат божи миқдори маълум қилинди. Унга кўра, ID-карта расмийлаштирилгани ва берилгани учун давлат божи миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 89 фоизини ташкил этиши билдирилди - тўлов миқдори 198 470 сўм этиб белгиланди.
Эски ҳужжатлар нима бўлади?
Халқаро тажрибага кўра, янги гувоҳномалар жорий қилинган пайтда одамларга ноқулайлик туғдирмаслиги учун эски ҳужжатлар ўз муддати тугагунча амал қилишда давом этади. Билдирилишича, Ўзбекистон фуқаросининг 2011 йилги намунадаги биометрик паспорти, фуқаролиги бўлмаган шахс ва хорижий фуқаронинг яшаш гувоҳномаси уларнинг амал қилиш муддати тамом бўлгунга қадар ҳақиқийдир. Ушбу ҳужжатларнинг эгалари уларни белгиланган тартибда ID-картага алмаштириш ҳуқуқига эга.
Отабек Тиллаев
Мавзуга оид
11:59 / 20.11.2024
Ўзбекистоннинг Қозоғистон ва Тожикистон билан чегарасидан ID-карта орқали ўтиш мумкин бўлади
17:38 / 05.11.2024
Хорижга чиқиш биометрик паспортини почта орқали етказиш йўлга қўйилади
12:13 / 06.04.2024
Айрим шахслар йўқотилган паспорт ва ID-картани алмаштириб беришда давлат божидан озод этилади
14:38 / 25.08.2023