23:31 / 11.03.2020
18727

Жиззахда ЙПХ ходимини машинаси капотида «сайр қилдирган» ҳайдовчига ҳукм ўқилди

Ҳайдовчи капоти устида инспектор бўлгани ҳолда «Нексия» машинасини 200 метрлар чамаси ҳайдаб борган. У 1,5 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Шу йилнинг 23 январь куни Жиззах шаҳрида кузатилган ғайритабиий ҳолат — машинаси капотида йўл патруль хизмати ходимини «сайр қилдирган» йигит иши судда кўрилди.

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизматидан Kun.uz`га маълум қилишларича, ўша куни «Нексия» русумли автоулов пиёдалар ўтиш чизиғида тўхтайди. Бу ҳолатни кўриб турган ЙПХ ходими И.Норматов ҳайдовчига тўхташ ишорасини беради.

Аммо ҳайдовчи жуфтакни ростлаш ҳаракатига тушади. Натижада у автомашинани ЙПХ ходимининг устига ҳайдаб, қонун посбонини капот устида «сайр қилдиради». Шу ҳолатда чамаси 200 метрлар юргач, ИИБ ходимини юмшоқроқ қилиб айтганда, «тушириб қолдиради».

Йиқилиш оқибатида қонун посбони ўнг оёқ болдир панжа бўғимининг лат ейиши, болдир суяклараро синдесмози йиртилиши кўринишида ўртача оғирликдаги тан жароҳати олган.

Ҳайдовчи эса воқеа жойидан қочиб қолади.

Табиийки, қонунбузар тезда топилди ва ҳибсга олинди. У 1997 йилда Шароф Рашидов туманида туғилган, Жиззах шаҳри «Иттифоқ» маҳалласида яшовчи Б.Маматқулов бўлиб чиқди.

Йигитча автоуловни ижара шартномаси асосида бошқариб келган.

Олган жароҳати сабабли ЙПХ ходими 1 ойдан ошиқ вақт давомида соғлиғини тиклади.

Ҳодиса жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судида кўриб чиқилди. Унда Ёшлар иттифоқи ва халқ депутатлари маҳаллий кенгаши вакиллари айбланувчига енгил жазо беришни сўради. Ўз навбатида, Б.Маматқулов ҳам қилмишидан пушаймонлигини билдирди.

Суд юз берган ҳодисани ҳамда жараён иштирокчиларининг кўрсатма ва илтимосномаларини ўрганиб, Б.Маматқуловга бир ярим йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Эслатиб ўтамиз, шунга ўхшаш ҳолат февраль ойида Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида ҳам рўй берган эди.

Top