14:56 / 11.03.2020
0
13959

Нью-Йорк яқинига ҳарбийлар юборилмоқда. У ерда коронавирус ўчоғи аниқланди

Нью-Йорк штати губернатори Эндрю Куомо Нью-Рошелл шаҳрида бир миля (1,6 км) радиусда коронавирус билан зарарланган алоҳида ҳудуд ташкил этилишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, у ерда АҚШдаги энг йирик коронавирус ўчоғи жойлашган. 

Фото: Getty Images

Ушбу ҳудуд аҳолисига ёрдам бериш учун АҚШ миллий гвардияси ҳарбийлари юборилади. Улар хусусан, мактабларни тозалаш ва карантиндаги одамларга озиқ-овқат етказиб бериш билан шуғулланади.

Нью-Рошелл шаҳри мэри Ноам Брэмсон миллий гвардия аҳолига ёрдам беришини, ҳарбий ёки полиция вазифаларини бажармаслигини билдирди.

"Бу ер ёпиб қўйилган ёки карантин ҳудуди эмас, кириш ҳеч кимга тақиқланмаган", - деди у.

Нью-Йорк штатида айни вақтга келиб коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 173 та ҳолат қайд этилган ва бу мамлакатдаги энг юқори кўрсаткичдир. Улардан 108 таси Нью-Рошелл шаҳри жойлашган Уэстчестер графлигида аниқланган.

Графлик аҳолиси бир миллиондан камроқ, шаҳар аҳолиси эса 77 минг нафар. Шаҳардан 40 км узоқликда жойлашган кўпмиллионлик Нью-Йоркда атиги 36 та ҳолат қайд этилган.

Губернатор шаҳарга кириш чекланмаслигини, аммо мактаблар, жамоат жойлари ва йирик корхоналар икки ҳафтага ёпилишини айтди.  

"Бу жуда жиддий чора, аммо шаҳар мамлакатдаги энг йирик ўчоқ ва бу том маънода ҳаёт-мамот масаласидир", - деди Куомо.

Маҳаллий ОАВнинг ёзишича, инфекция тарқалиш маркази маҳаллий синагога бўлган. Ҳозирда ушбу ибодатхонага келган мингга яқин киши карантинга жойлаштирилган.

АҚШда 10 март ҳолатига 804 киши коронавирус юқтирганлиги қайд этилган, 28 киши вафот этган, улардан 23 нафари Вашингтон штатидан.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top