Ўзбекистон | 23:10 / 12.03.2020
29000
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон элчихонасига нота йўллади

Ўзбекистоннинг Бишкек шаҳридаги элчихонасига Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигининг нотаси келиб тушди. 

Фото : Kenesh.kg

Унда 1 мартдан бошлаб сўнгги 30 кун ичида COVID-19 коронавируси билан касалланишнинг ўсиши ва унинг тарқалиши кузатилаётган давлатларга борган хорижий фуқаролар ва фуқаролиги йўқ шахсларнинг давлат чегарисидан ўтказиш пунктлари орқали ушбу мамлакатга киришлари учун жорий қилинган вақтинчалик чеклашлар ҳақидаги ҳукумат қарори тўғрисида хабар қилинади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, “ноқулай эпидемиологик ҳолат” кузатилаётган давлатлар рўйхати Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланади ва мунтазам янгиланиб борилади.

Шу муносабат билан ТИВ мамлакатимиз ҳудуди орқали Қирғизистонга боришни режалаштирган Ўзбекистон ва бошқа давлатларнинг фуқароларидан Қирғизистон ҳукуматининг юқорида айтиб ўтилган қарорини ҳисобга олишни сўраган.

Шунингдек, Қирғизистон ҳудудида бўлиб турган фуқароларимизга зарур ҳолатларда мамлакатимизнинг Бишкек шаҳридаги элчихонасига +996-312-986-296 телефон рақами орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтган.

Аввалроқ Қирғизистон ҳукумати мамлакатда коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида оммавий тадбирлар ўтказишни тақиқлашга қарор қилгани хабар қилинганди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид