Ўзбекистон | 16:49 / 13.03.2020
10035
3 дақиқада ўқилади

Эронда қолиб кетган фуқаролар ватанга қайтарилади ва карантинга жойлаштирилади

Эрон-Туркманистон чегараси ёпилгани сабабли  «Лутфобод» (Эрон) чегара постида қолиб кетган 14 нафар ўзбекистонлик ҳайдовчи ва ушбу мамлакатдаги бошқа ўзбекистонликлар, жами 28 киши ватанга қайтарилади.

Фото: Видеоёзувдан лавҳа

Мудофаа вазирлиги томонидан Эронга инсонпарварлик юкини етказиш учун ажратилган ҳаво кемаси ушбу мамлакатда бўлиб турган 28 нафар ўзбекистонликни олиб қайтади ва улар икки ҳафта давомида карантин ҳолатида сақланади.

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати портали томонидан маълум қилинишича, президентнинг алоҳида кўрсатмасига мувофиқ, Мудофаа вазирлиги томонидан Эронга инсонпарварлик юкини етказиш учун ажратилган ҳаво кемасида айни жараёнда Эронда қолиб кетган 14 нафар юк ташувчи ҳайдовчилар, тадбиркорлар, талабалар – жами 28 нафар ватандошимиз олиб келинади. Улар ва самолёт экипажи аъзолари қайтиб келгач, белгиланган тартибда малакали шифокорлар, соҳа мутахассислари назорати остида икки ҳафта муддатда карантинда сақланади.

Бундан аввалроқ Эрон Ислом Республикаси ҳукуматининг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга янги коронавирус COVID-19 касаллиги тарқалишини бартараф этиш учун зарур бўлган тиббий буюмлар ва воситалар билан таъминлашда амалий ёрдам кўрсатиш юзасидан мурожаати асосида ушбу мамлакатга инсонпарварлик ёрдами жўнатилиши хабар қилинганди.

«Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига асосан Эроннинг ушбу мурожаатини қўллаб-қувватлаш, шунингдек мазкур хавфли инфекцияга қарши курашиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни кучайтириш мақсадида стерил тиббий қўлқоплар, ҳимоя қилувчи комбинезонлар, махсус тиббий формалар, ниқоблар, дока, спирт, гигиеник геллар ва дори воситалари сингари умумий оғирлиги қарийб олти тонна бўлган тиббий буюмлар шаклида инсонпарварлик ёрдами юборилмоқда.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги инсонпарварлик юкини шакллантириш ва етказиб бериш учун масъул этиб белгиланган», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, март ойи бошида Эроннинг Туркманистон билан чегарасидаги божхона постида қолаётган ўзбекистонлик ҳайдовчилар президентга видеомурожаат билан чиқишган, кейинроқ Ташқи ишлар вазирлиги улар билан боғлиқ вазиятни назоратга олганди.

  • Сўнгги маълумотларга кўра, бутун дунёда вирусдан зарарланганлар сони 138 152 нафарни ташкил қилмоқда, қурбонлар сони 5 мингдан ошиб кетди - 5080. 
  • Эронда эса коронавирус туфайли вафот этганлар сони бир кунда 85 кишига кўпайиб, 514 кишига етди. Сўнгги 24 соат ичида касалликни юқтириб олиш билан боғлиқ яна 1289та қайд этилди ва барча касалланганлар сони 11 364 нафарга етди.
Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид