Ўзбекистон | 11:45 / 13.03.2020
70734
5 дақиқада ўқилади

Пенсия тайинлаш ва тўлаш тартибига ўзгартириш киритилди

Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қарори қабул қилинди

Фото: KUN.UZ

Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 сентябрдаги 252-сон қарори билан тасдиқланган Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Уларга кўра, қайднома — пенсионер ва нафақа олувчининг фамилияси, исми ва отасининг исми, яшаш жойи, паспорт маълумотлари, пенсия ва нафақа тўлов муддати ҳамда суммасига доир маълумотлар акс эттирилган, пенсия ва нафақа тўлови учун пенсияни етказиб бериш (топшириш) юкланган ташкилот ва тижорат банки филиалига тақдим этиладиган ҳужжат экани белгиланди.

Белгилаб қўйилишича, манзил-колонияларда жазони ўтаётган, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга пенсия тайинлаш (қайта ҳисоблаш, тиклаш, пенсиянинг бир туридан бошқа турига ўтказиш) тўғрисидаги ариза бевосита манзил-колония жойлашган ердаги Пенсия жамғармаси бўлимига берилади.

Шахснинг пенсия тайинлаш (қайта ҳисоблаш, тиклаш, пенсиянинг бир туридан бошқа турига ўтказиш) тўғрисидаги аризаси манзил-колония маъмурияти томонидан манзил-колония жойлашган ердаги Пенсия жамғармаси бўлимига берилади. Пенсия тайинлаш (қайта ҳисоблаш) тўғрисидаги аризага иш стажига оид маълумотлар қўшимча равишда тақдим этилади.

Пенсия жамғармаси бўлими:

шахснинг иш стажига оид маълумотлар асосида пенсия тайинлаш (қайта ҳисоблаш) учун зарур бўлган Низомнинг 12-14-бандларида кўрсатилган ҳужжатларни тўплашда амалий ёрдам кўрсатади;

пенсия тўловини тиклаш ёки давом эттириш тўғрисидаги аризага асосан пенсия йиғмажилдини Пенсия жамғармасининг тегишли туман (шаҳар) бўлимидан талаб қилиб олади.

Бундан ташқари, манзил-колонияларда жазони ўтаётган, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахснинг паспорти (истиқомат учун берилган гувоҳнома) нусхаси манзил-колония маъмурияти томонидан манзил-колония жойлашган ердаги Пенсия жамғармаси бўлимига берилиши назарда тутилмоқда.

Пенсиялар комиссиянинг қарорида кўрсатилган миқдор ҳамда муддатлардан келиб чиқиб тўланади.

Ишламайдиган пенсионерларга пенсия яшаш жойи бўйича Пенсия жамғармаси бўлимлари томонидан пенсияни етказиб бериш (топшириш) юкланган ташкилот ёки пенсионернинг хоҳишига кўра пул маблағларини фуқароларнинг депозит ҳисоб рақамларига нақд пулсиз ўтказиш йўли билан тижорат банкининг филиали орқали тўланади.

Ишламайдиган шахсга пенсия ва нафақа тўлови шакли аризага асосан аниқланади.

Шахснинг танлови бўйича унга тўланиши лозим бўлган пенсия суммаси, бир вақтнинг ўзида пенсия тўловининг бир нечта шаклидан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши мумкин.

Тўлов шакли шахс тегишли ариза билан мурожаат этган ёки меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги тўғрисидаги буйруқдан кўчирмани (бажарилган ишлар далолатномасини) тақдим этган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан бошлаб ўзгартирилади ёки тикланади.

Манзил-колонияларда жазони ўтаётган, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга пенсия тўлови Пенсия жамғармаси бўлимлари томонидан манзил-колония маъмурияти орқали маҳкумларнинг шахсий ҳисобварақларига нақд пулсиз ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

Манзил-колония маъмурияти ҳар ойнинг 1-санасига қадар жорий ой учун манзил-колонияда жазони ўтаётган, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга пенсиялар тўлови учун маблағларни олишга мувофиқ шакл бўйича талабномани манзил-колония жойлашган ердаги Пенсия жамғармаси бўлимига тақдим этади.

Белгиланишича, пенсияларни банк пластик карточкалари орқали тўлаш учун маблағларни ўтказиш Пенсия жамғармаси бўлимлари томонидан ахборот тизими орқали электрон шаклда тақдим этилган тўлов топшириқномаси ва қайднома асосида амалга оширилади.

Ҳақиқатда молиялаштирилган маблағлар тўлов топшириқномаси ва қайднома электрон шаклда тақдим этилган кундан бошлаб кейинги иш кунидан кечиктирмасдан хизмат кўрсатувчи тижорат банки филиали томонидан пенсионер ёки нафақа олувчи учун очилган 22617 - “Пенсионерларнинг пластик карточкалари бўйича мажбуриятлари” ҳисобварағига кирим қилинади.

Тўлиқ бўлмаган ой кунлари учун пенсия тўлови суммаси қуйидаги тартибда аниқланади:

тайинланган пенсия суммаси тегишли ойнинг календарь кунлари сонига бўлиш йўли билан бир кун учун тўлов суммаси аниқланади;

бир кун учун тўлов суммаси пенсия тўлови амалга оширилиши лозим бўлган тегишли ойнинг календарь кунлари сонига кўпайтирилади.

Мавзуга оид