Ўзбекистон | 20:28 / 16.03.2020
18875
2 дақиқада ўқилади

Махсус борт 37 нафар ўзбекистонликни Эрондан олиб келмоқда

Бу фуқаролар ва самолёт экипажи белгиланган тартибда малакали шифокорлар, соҳа мутахассислари назорати остида икки ҳафта муддатда карантинда сақланади.

Мудофаа вазирлиги томонидан Эронга инсонпарварлик юкини етказиш учун ажратилган ҳаво кемасида ушбу мамлакатда бўлиб турган Ўзбекистоннинг 37 нафар фуқароси ватанга олиб келинмоқда. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.  

Қайд этилишича, улар коронавирус туфайли чегараларнинг ёпилгани натижасида 23 февралдан буён Эроннинг «Лутфобод» постидаги терминалда қолиб кетган 14 нафар ҳайдовчи, шунингдек, талабалар, тадбиркор ва дипломатлардир.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 16 март куни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортидан президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ коронавируснинг олдини олиш чора-тадбирларига кўмаклашиш мақсадида Эрон Ислом Республикасига инсонпарварлик ёрдами юборилди.

Давлат раҳбари топшириғига асосан Эроннинг ёрдам сўраб қилган мурожаатини қўллаб-қувватлаш, шунингдек мазкур хавфли инфекцияга қарши курашиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни кучайтириш мақсадида стерил тиббий қўлқоплар, ҳимоя қилувчи комбинезонлар, махсус тиббий формалар, ниқоблар, дока, спирт, гигиеник геллар ва дори воситалари сингари умумий оғирлиги қарийб олти тонна бўлган тиббий буюмлар шаклида инсонпарварлик ёрдами юборилган.

Аввалроқ президентнинг алоҳида кўрсатмасига мувофиқ, Эронда қолиб кетган юк ташувчи ҳайдовчилар, тадбиркорлар, талабалар ватанга олиб келиниши, бу фуқаролар ва самолёт экипажи белгиланган тартибда малакали шифокорлар, соҳа мутахассислари назорати остида икки ҳафта муддатда карантинда сақланиши айтилганди

Мавзуга оид