Ўзбекистон | 11:40 / 16.03.2020
2606
3 дақиқада ўқилади

«Термиз» ЭИЗ фаолияти такомиллаштирилади - Ҳукумат қарори

“Термиз” эркин иқтисодий зонаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари қабул қилинди

Вазирлар Маҳкамасининг “Термиз” эркин иқтисодий зонаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг:

Термиз эркин иқтисодий зонасини “Термиз карго” маркази жойлашган ҳудуддаги 80,6 гектар ер майдонида ташкил этиш;

“Термиз эркин иқтисодий зонаси дирекцияси” масъулияти чекланган жамиятини “Термиз” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси” давлат унитар корхонаси этиб қайта ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Қуйидагилар:

“Термиз” эркин иқтисодий зонаси таркибига кирувчи ҳудудларнинг чегаралари;

“Термиз эркин иқтисодий зонаси дирекцияси” давлат унитар корхонасининг тузилмаси;

“Термиз эркин иқтисодий зонаси дирекцияси” давлат унитар корхонасининг устави тасдиқланди.

Қуйидагилар Дирекциянинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари ҳисобланади:

Термиз ЭИЗни ривожлантириш давлат дастурларининг тўлиқ ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш;

Термиз ЭИЗ ҳудудида алоҳида ҳуқуқий режимга риоя этилишини таъминлаш;

Сурхондарё вилояти эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарининг маъмурий кенгаши томонидан қабул қилинган қарорларга асосан “Термиз” ЭИЗ қатнашчиларини рўйхатдан ўтказиш ва уларнинг реестрини юритиш, уларга тегишли гувоҳномалар бериш;

инвесторлар билан инвестициялар киритиш тўғрисида битимлар тузиш;

“Термиз” ЭИЗ ҳудудида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун хорижий ва маҳаллий инвесторларни топиш ва улар билан ишлаш;

белгиланган тартибда танлаб олинган инвесторлар томонидан қабул қилинган мажбуриятларнинг бажарилишини тизимли назорат қилиш, кейинчалик натижаларни Маъмурий кенгашга тақдим этиш;

“Термиз” ЭИЗ қатнашчиларига, шу жумладан давлат органларида уларнинг манфаатларини ифода этиш орқали хизматлар кўрсатиш;

“Термиз” ЭИЗ ҳудудида инфратузилма объектларини ташкил этиш ва уларнинг фаолият юритиш жараёнларини мувофиқлаштириш;

“Термиз” ЭИЗ ҳудудидаги ер майдонларини ва кўчмас мулк объектларини бошқариш.

Молия вазирлиги Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан:

Дирекцияга келгуси йилларда ўзини ўзи молиялаштиришга ўтказиш шарти билан 2020-2021 йиллар даврида сақлаш харажатлари учун асосланган ҳисоб-китоблар бўйича зарур маблағлар ажратилишини;

Дирекциянинг устав фондини шакллантиришга 1,0 млрд сўм миқдорида маблағ ажратилишини таъминлайди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан биргаликда келгуси йиллар учун Инвестиция дастурларини шакллантиришда уларга “Термиз” ЭИЗнинг муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини босқичма-босқич ривожлантириш бўйича лойиҳалар белгиланган тартибда киритилишини назарда тутади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид