16:14 / 17.03.2020
5290

Ҳолливуд пандемия сабабли 20 млрд доллар йўқотиши мумкин

Коронавирус инфекцияси фонида АҚШ киносаноати даромадлари тушиб бормоқда: кинотеатрлар ёпилиши боис тушумлар камаймоқда, студиялар эса премьералар ва йирик лойиҳаларни  тўхтатиши ортидан даромадлардан маҳрум бўлиши мумкин.

Фото: RICH FURY/GETTY IMAGES

COVID-19 пандемияси оқибатида бутун Шимолий Америкадаги кинотеатрларда чипталар сотилиши 20 йил ичида илк бор минимумга тушиб кетишига олиб келди, деб ёзади The Hollywood Reporter. Охирги уик-эндда 55,3 млн доллар тўпланди. Ҳаттоки 2001 йилда 11 сентябрь фожиасидан кейин ҳам биринчи уик-эндда касса йиғимлари 66,3 млн долларни ташкил этганди.

Бутун дунёда кинотеатрлар ёпилиши ва оммавий тадбирлар бекор қилиниши оқибатида халқаро тушумлар 7 млрд долларга кам бўлди. Таҳлилчилар агар вазият ўнгланмаса, йўқотишлар кейинги ойларда 17 млрд долларгача етиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Коронавирус кўплаб студияларни тайёр фильмлар премьерасини ортга суришга ва янги фильмлар ишлаб чиқаришни тўхтатишга мажбур қилди. «Ўлиш вақти эмас» фильми премьерасининг ортга сурилиши MGM студиясига 30–50 млн долларга тушади, «Тинч жой 2» премьерасининг бекор бўлиши оқибатида Paramaunt 30 млн доллар йўқотади.

Disney «Шан-Чи ва ўн узук афсонаси» ҳамда «Сув париси» фильмларини суратга олишни тўхтатиши ортидан кунига 300–350 минг доллар зарар кўради.

Катта экранларга чиқишга улгурган фильмлар билан ҳам ишлар кўнгилдагидек эмас. Масалан, «Олға» анимацион фильми тушуми тўртинчи уик-эндга  келиб 73 фоизга тушиб кетди.

Lionsgate студиясининг «Севгига ишонаман» фильми кутилган 14 млн доллар ўрнига 9,5 млн доллар тўплади. Вин Дизел иштирокидаги «Бладшот» фантастик фильми 9,3 млн доллар йиғди.  «Ов» триллери дастлабки уин-эндда атиги 5,3 млн доллар тўплади. 

15 март ҳолатига кўра, дунёнинг 32 мамлакатида кинотеатрлар ёпилган. Яна 15 мамлакатда кинозаллар вазиятдан келиб чиқиб ишлаш жадвалини ўзгартирди. Биргина АҚШда бир ҳафта ичида 5400 та кинотеатр фаолияти тўхтатилди.

Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази эса америкаликларга келгуси саккиз ҳафта давомида 50дан ортиқ киши тўпланган тадбирларга бормасликни тавсия қилди. 

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top