Ўзбекистон | 16:35 / 17.03.2020
34867
1 дақиқада ўқилади

Карантин даврида тиббиёт ходимларига қўшимча иш ҳақи тўланади

Ўзбекистонда коронавирус ҳолатининг қайд этилиши туфайли эълон қилинган карантин даврида эпидемияга қарши ишларга жалб қилинаётган тиббиёт ходимларига қўшимча иш ҳақи ажратиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақида Давлат санитария-эпидемиология агентлиги бош врачи Баҳром Алматов маълум қилди.

«Карантин даврида беморларни даволашга, беморлар билан мулоқотга жалб қилинган мутахассисларнинг ойлик маоши миқдорини ошириш масаласи кўриляпти. Бунинг учун махсус фонддан маблағлар ажратилиши мумкин. Бу масала яқин орада ҳал бўлса керак», деди Баҳром Алматов жонли эфирда.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат санитария-эпидемиология назорат инспекцияси раҳбари Нурмат Атабековнинг айтишича, коронавирусга қарши курашда кўнгиллилар (волонтёрлар) ёрдамига эҳтиёж пайдо бўлгани йўқ.

«Республикада 75 минг нафар олий маълумотли шифокор, 400 минг ўрта маълумотли тиббиёт ходими мавжуд. Шу боис коронавирусга қарши курашда мутахассис кучлари етарли. Ўзбекистонда бу вирус эпидемия шаклида тарқалгани йўқ. Вирус аниқланган шахслар локализация қилинган. Шунинг учун Ўзбекистонда бу борада волонтерлар ёрдамига эҳтиёж йўқ», дейди Нурмат Атабеков.

Саодат Абдураҳмонова
Тайёрлаган Саодат Абдураҳмонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид