Ўзбекистон | 00:59 / 19.03.2020
14714
3 дақиқада ўқилади

Наврўз байрами кунлари ўзбекистонликларга 30 та янги кино намойиш қилинади

Фото: ТАСС

Ўзбекистонда коронавирусга қарши карантин тадбирлари амал қилаётган вақтда «Уй кинотеатри» акцияси ташкиллаштирилиб, томошабинлар Наврўз байрами кунлари 30 та янги кино премьераси билан танишадилар.

Бу ҳақда «Ўзбеккино» хабар берди. Бу акция «Ўзбеккино» ва Ўзбекистон телеканаллари ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.

«Ўзбеккино» Миллий агентлиги телевизион эфир вақтини тўлдириш учун давлат ва нодавлат телеканалларга кинофонддан 750 бирликдаги материални тақдим этади. Акциянинг биринчи босқичи 250 дан ортиқ киноматериаллар - ҳужжатли ва бадиий фильмлар (2015-2018 йиллар), мультфильмлар (2010-2018 йиллар), қисқа метражли фильмлар ҳамда болаларнинг севимли «Зумраша» киножурналининг янги сонлари (2016-2018)ни ўз ичига олади.

Шунингдек, «Ўзбеккино» телеканалларга тақдимоти яқин икки ҳафта ичида ўтказилиши мўлжалланган 30 та янги фильмни тақдим этади. Улар орасида «Қўқон шамоли», «Авлоний» , «Биринчи август» ва бошқалар бор. 

Айни пайтга қадар бу борада «Ўзбеккино» Миллий агентлиги бош директори Ф.Абдухолиқов ҳамда «Ёшлар ва «Менинг юртим» телеканаллари директори Қ.Аҳмедов, «Севимли» телеканали директори Ж.Сафоев, «Миллий ТВ» телеканали директори М.Омаров, «Зўр ТВ» телеканали раҳбари М.Мирзааҳмедов ўртасида меморандумлар имзоланди. 

«Бизнинг мақсадимиз – мамлакатимиз аҳолиси, айниқса карантин тадбирлари давомида уйда, болалари билан қоладиган болалар ва катталарнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишдан иборат, - дейди «Ўзбеккино» Миллий агентлиги бош директори Фирдавс Абдухаликов. – Биз давлат ва нодавлат телеканаллар таклифимизни қўллаб-қувватлаганидан миннатдормиз. Аминманки, бундай акциянинг биргаликда ўтказилиши уйда ўтирганларнинг мазмунли дам олишини таъминлаш баробарида, миллий киномаҳсулотларимизга бўлган эътиборни оширади». 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ҳукуматининг коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар ҳақидаги тавсияларидан келиб чиқиб, мамлакат миқёсида оммавий кўнгилочар томошалар, жумладан кинотеатрлар фаолияти вақтинча тўхтатилди. 

Шунингдек, карантин кунлари ўқув муассасалари ёпилган, байрам тадбирлари бекор қилинган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид