16:53 / 20.03.2020
17535

Нефть нархи 5-10 долларгача тушиб кетиши тахмин қилинмоқда

Нефть нархи қанчалик тушиб кетиши мумкин? Тахминлардан бири — 5 доллар ва ундан ҳам арзон, деб ёзади Bloomberg агентлиги.

Фото: REUTERS/Nick Oxford

Агентлик суҳбатлашган 20 трейдердан 18таси Brent нефтининг бир баррели нархи 20 долларгача ва ундан ҳам тушиб кетиши мумкин деб ҳисобламоқда. Уларнинг сўзларига кўра, WTI нефти нархи ундан 3-5 долларга арзонроқ бўлади. Бу нарх бир неча ҳафта ва йил охиригача сақланиб қолиши мумкин, деди агентлик суҳбатдошлари.

Апрель ўрталарига келиб 20 долларлик даражага етиб борилади, деди Ҳиндистондаги Bharat Petroleum Corp нефть корхонаси директори Р. Рамачандран.  

Айрим трейдерлар нефть нархи шу даражада пасайдики, баъзилар келгусида унинг нархи ошишига умид қилиб захира йиғиш мақсадида сотиб олишни бошлаб юборди, деган фикрда. Яна айримлари эса нархлар ишлаб чиқарувчилар фойда кўрмайдиган даражагача тушиб, натижада нефть қазиб олиш тўхтайди, деб ҳисобламоқда.

Йирик банкларнинг таҳлилчилари ҳам нефть нархи яқин ойлар ичида пасайишда давом этади, деб ҳисобламоқда. Goldman Sachs инвестиция банки экспертлари банк Brent нефтининг иккинчи чоракдаги нархи прогнозини 30 доллардан 20 долларгача туширганини билдирди.

Citigroup Brent нефти нархи бир баррель учун 17 доллар ва ундан ҳам арзонроқ бўлишини тахмин қилмоқда. Агентликнинг ёзишича, банкнинг энг ёмон сценарий бўйича тахминига кўра, айрим минтақаларда омборлар ва етказиб бериш тармоқлари етишмаслиги натижасида бир баррель нефть нархи 5 долларгача тушиши мумкин.

Energy Aspects тадқиқот маркази Brent нархи апрелда 10 долларгача тушишини, йил давомида эса 20 доллар атрофида бўлишини тахмин қилмоқда.  

Чоршанба куни Brent русумидаги нефтнинг бир баррели нархи 25 доллардан пастроққа тушди. Эртаси куни эса 28 долларгача кўтарилди. Нефть нархларига коронавирусга қарши кураш ва Саудия Арабистони билан Россиянинг нефть бозоридаги кураши таъсир кўрсатмоқда, деб ёзади Bloomberg.

Top