Ўзбекистон | 09:29 / 26.03.2020
11484
5 дақиқада ўқилади

4та кодекс янги модда билан тўлдирилади

Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритилади

Фото: Facebook /yoshlarittifoqi.uz

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Унга асосан Жиноят-процессуал кодекси янги модда билан тўлдирилиши кутилмоқда.

Унга кўра, процесс иштирокчилари ва бошқа шахслар, шунингдек жиноят ишини юритишдан манфаатдор бўлган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг вакиллари якка тартибда ёки жамоа бўлиб терговга қадар текширувни амалга оширувчи мансабдор шахс, суриштирувчи, терговчи, прокурор, шунингдек судга улар томонидан қабул қилинган қарорлар бўйича тушунтириш (ҳуқуқий изоҳ) олиш юзасидан мурожаат этишга ҳақлидир.

Терговга қадар текширувни амалга оширувчи мансабдор шахс, суриштирувчи, терговчи, прокурор ва судлар ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган шахсларнинг мурожаатларини ўн беш кун ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш талаб этилганда эса, бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқишга ва кўриб чиқиш натижаси бўйича тушунтириш (ҳуқуқий изоҳ) билан биргаликда асосланган жавоб юборишга мажбур.

Бунда жавобдаги тушунтириш (ҳуқуқий изоҳлар) давлат сирлари, тижорат сири ёки бошқа сирни ўз ичига олган ахборот билан боғлиқ бўлмаслиги лозим.

Шунингдек, терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд процессуал мажбурлов чорасини қўллаган тақдирда, статистик карточкаларнинг электрон шаклларини тузиш орқали процессуал мажбурлов чораси қўлланилган шахс ва унинг сақланиш жойи тўғрисида маълумотларни “Электрон жиноий-ҳуқуқий статистика” ягона ахборот тизимига мажбурий тарзда киритади.

Жиноят ишлари, Кодекснинг 84-моддаси биринчи қисми 1, 2, 3 ва 8-бандлари ва бешинчи қисмига мувофиқ жиноят иши қўзғатишни рад этилган терговга қадар текширув материаллари, суд муҳокамалари ҳамда суд қарорлари ижроси натижалари, айбланувчи ва жабрланувчи тариқасида жалб этилган иштирокчилар, шахсга нисбатан қўлланилган процессуал мажбурлов чоралари, шунингдек жиноят иши бўйича бошқа маълумотлар статистик карточкаларнинг электрон шаклларини тузиш орқали “Электрон жиноий-ҳуқуқий статистика” ягона ахборот тизимига киритилади.

Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 29 сентябрда қабул қилинган “Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги ЎРҚ–298-сонли Қонуннинг 5-моддаси учинчи қисм билан тўлдирилади.

Унга кўра, ушлаб турилганлар, қамоққа олинганлар ва уларни сақлаш жойлари ҳақидаги маълумотлар статистик карточкаларнинг электрон шаклларини тузиш орқали “Электрон жиноий-ҳуқуқий статистика” ягона ахборот тизимига тегишинча ушлаб туриш баённомасини тузган шахс ва қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақида қарор қабул қилган суд томонидан мажбурий тартибда киритилади.

Фуқаролик процессуал кодекси ҳам янги модда билан тўлдирилади.

Унда айтилишича, ишда иштирок этувчи шахслар якка тартибда ёки жамоа бўлиб судларга улар томонидан қабул қилинган қарорлар бўйича тушунтириш (ҳуқуқий изоҳ) олиш юзасидан мурожаат этишга ҳақлидир.

Судлар ишда иштирок этувчи шахсларнинг мурожаатларини ўн беш кун ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш талаб этилганда эса, бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқишга ва кўриб чиқиш натижаси бўйича мурожаатдаги ҳар бир ҳолат бўйича тушунтириш (ҳуқуқий изоҳ) билан биргаликда асосланган жавоб юборишга мажбур.

Иқтисодий процессуал кодекс янги модда билан тўлдирилади.

Қайд этилишича, ишда иштирок этувчи шахслар якка тартибда ёки жамоа бўлиб судларга улар томонидан қабул қилинган қарорлар бўйича тушунтириш (ҳуқуқий изоҳ) олиш юзасидан мурожаат этишга ҳақлидир.

Судлар ишда иштирок этувчи шахсларнинг мурожаатларини ўн беш кун ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш талаб этилганда эса, бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқишга ва кўриб чиқиш натижаси бўйича мурожаатдаги ҳар бир ҳолат бўйича тушунтириш (ҳуқуқий изоҳ) билан биргаликда асосланган жавоб юборишга мажбур.

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс ҳам янги модда билан тўлдирилади.

Унга мувофиқ, манфаатдор шахслар якка тартибда ёки жамоа бўлиб маъмурий судларга (судларга) улар томонидан қабул қилинган қарорлар бўйича тушунтириш (ҳуқуқий изоҳ) олиш юзасидан мурожаат этишга ҳақлидир.

Судлар ишда иштирок этувчи шахсларнинг мурожаатларини ўн беш кун ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш талаб этилганда эса, бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқишга ва кўриб чиқиш натижаси бўйича мурожаатдаги ҳар бир ҳолат бўйича тушунтириш (ҳуқуқий изоҳ) билан биргаликда асосланган жавоб юборишга мажбур.

Мавзуга оид

Эълонлар