Жаҳон | 12:26 / 04.07.2025
4607
2 дақиқада ўқилади

Путин Трампнинг урушни тезроқ тугатиш ҳақидаги чақириғини рад этди

Трамп билан олтинчи телефон суҳбатида Путин Украинадаги мақсадларидан қайтмаслигини айтди. АҚШ президенти уни ҳарбий амалиётларни имкон қадар тезроқ тугатишга ундади.

Фото: РИА Новости

АҚШ президенти Доналд Трамп Россия етакчиси Владимир Путин билан телефон мулоқоти чоғида «Украинадаги ҳарбий амалиётларни имкон қадар тезроқ тўхтатиш масаласини кўтарди», дея маълум қилди Кремл музокаралардан сўнг. Бунга жавобан Путин «можаро сабабларини бартараф этиш бўйича ўз мақсадларидан қайтмаслигини» айтди, деди Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков 3 июл, пайшанба куни.

Унга кўра, Кремл раҳбари Украина билан музокаралар жараёнини давом эттиришга тайёрлигини маълум қилган. Москва ва Киев ўртасидаги музокараларнинг эҳтимолий учинчи раундининг санаси муҳокама қилинмаган, Трамп ва Путиннинг шахсий учрашуви ҳақида ҳам гап бўлмаган, бироқ Ушаковнинг сўзларига кўра, «бу ғоя ҳавода муаллақ турибди».

Бундан ташқари, Путин, унинг ёрдамчиси таъкидлашича, Трампни 4 июлда нишонланадиган АҚШ Мустақиллик куни билан табриклаб, Россия гўёки «Америка давлатчилигининг шаклланишида муҳим рол ўйнаганини» таъкидлади.

Бундан ташқари, ҳар икки президент Сурия, Эрон ва Яқин Шарқдаги вазиятни, шунингдек, «Россия Федерацияси ва АҚШ президенти маъмуриятига яқин бўлган анъанавий қадриятларни тарғиб қилувчи филмларни алмашиш имкониятларини» муҳокама қилди, деди Юрий Ушаков.

Кремлга кўра, телефон суҳбати деярли бир соат давом этган ва томонлар мулоқотни давом эттиришга келишиб олган. «Суҳбат очиқ, ишчан ва аниқ бўлди», — дея қўшимча қилди Ушаков. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид