Жаҳон | 13:28 / 04.07.2025
3889
2 дақиқада ўқилади

Россияда сиёсий маҳбуслар ўз хатида ўлаётганларни озод этишга чақирди

Reuters агентлиги Россия Федерациясида қамоққа олинган 11 нафар диссидентнинг халқаро етакчиларга йўллаган қўшма хати матнини эълон қилди. Хатда «Россия қамоқхоналарида ўлаётганлар» ҳақида эслатилган.

Фото: KIRILL KUDRYAVTSEV/AFP/Getty Images

Reuters қамоқдаги 11 нафар россиялик диссидентнинг халқаро етакчиларга йўллаган қўшма хати матнини эълон қилди. 3 июл, пайшанба куни ҳужжатдан келиб чиққан ҳолда айтилишича, унда «Россия қамоқхоналарида ўлаётган касал сиёсий маҳбусларни зудлик билан ва сўзсиз озод қилиш» чақириғи бор.

«Биз камида 10 минг кишимиз — россиялик сиёсий маҳбуслар ва украиналик гаровга олинганлар. Ҳаммамиз бир нарса учун — фуқаролик позициямиз учун жазоланяпмиз», — дейилади хатда.

«Замонавий Россияда инсон ҳуқуқлари институтлари ўрнини фақат инсон ҳуқуқлари фаолиятига тақлид қилувчи идоралар эгаллади», — дея таъкидланади унда. Натижада маҳкумларнинг соғлиғи ва ҳаёти хавф остида бўлиб, уларга нисбатан қийноқ ва тазйиқлар кўпинча жазосиз қолмоқда.

Сиёсий маҳбуслар бошқаларга қараганда кўпроқ оғирроқ шароитларда сақланмоқда, шартли озодликдан ва қамоқ режимини қонуний юмшатиш имкониятидан маҳрум бўляпти. Хат матнида қайд этилишича, бошқа маҳкумларнинг маълумот етказиши асосида қўшимча жиноий иш қўзғатиш амалиёти кенг тарқалган.

Муаллифлар Россия ва Украинани зудлик билан ҳарбий асирлар ва тинч аҳоли вакилларини «ҳамма учун ҳамма» формуласи бўйича алмашишга чақирмоқда. Муаллифлар турли мамлакатлар сиёсатчилари Россия Федерациясида сиёсий сабабларга кўра таъқибга учраганларни озод қилиш учун шароит яратишига умид қилмоқда.

Матнда оммавий ахборот воситаларидан жим турмаслик ва «эркинлик ва демократия учун курашда ўз ҳаётини хавф остига қўйишда давом этаётган» Россия фуқаролари фаолиятини ёритиш ҳақида илтимоснома бор.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид