Жамият | 17:15 / 28.03.2020
8802
2 дақиқада ўқилади

Эҳтиёжмандлар учун «Саховат» челленжи ўтказилмоқда

Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳамда тадбиркорлар ҳамкорлигида “Нархларни оширмаймиз” ва “Саховат” челленжи ташкил этилмоқда. Ушбу челленж бозорда нархларни мўътадил сақлаш, эҳтиёжмандларга беғараз ёрдам кўрсатишни мақсад қилади.

Бу ҳақида Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департамент бошлиғи Дилшод Раҳимов 28 март куни бўлиб ўтган брифингда маълумот берди.

“Карантин даврида саховатпеша тадбиркорлар томонидан аҳолига беғараз ёрдам кўрсатиш ташкил этилди. Хусусан, 19 тонна картошка, 14 тонна пиёз, 11 тонна сабзи, 1 тонна карам, 4,5 тонна гуруч, 19 тонна ун, 1,5 тонна шакар, 1,5 тонна туз, 5 тонна пахта ёғи, 15 минг донадан ортиқ қолипли нон,  қарийб 600 минг дона тиббиёт ниқоби, салкам 8000 дона  тиббиёт қўлқопи, 3,5 минг донадан кўп антисептик воситалар, 37,5 минг дона совун ва қарийб 14 тонна исириқ шулар жумласидандир”, дея Дилшод Раҳимовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Департамент бошлиғи карантин ҳолати туфайли фаолияти вақтинча тўхтатилган муассасалар хусусида рақамларни тақдим этди.

“Республика  ҳудудидаги  376та  ресторан,  498та  бар, 1,612та  кафе,  9,922та  ошхона,  1,450та  тўйхона,  253та  буюм  бозори  ва  савдо  комплекси  бўйича  рейд  тадбирлари  ўтказилиб,  барчасининг  фаолияти  эпидемиологик ҳолат барқарорлашгунга қадар тўхтатиб турилиши таъминланган. Мазкур объектларнинг вақтинчалик тўхтатилиши бозорларда маҳсулотларга  бўлган  талабнинг  пасайишига  олиб  келмоқда”, дея таъкидлади Дилшод Раҳимов.

Мавзуга оид