Жамият | 18:16 / 01.04.2020
70387
2 дақиқада ўқилади

Танқиддан сўнг: «Брак» Cobalt янгисига алмаштириб берилди

 Андижонлик фуқаронинг «Асака-Автосавдо» автосалонидан харид қилган, аммо кейинроқ кузовида нуқсони борлиги маълум бўлган Cobalt автомашинаси орадан қарийб бир йил ўтиб, янгисига алмаштириб берилди.

Жорий йилнинг 15 мартида Kun.uz сайти орқали «UzAuto Motors’нинг тузатиб бўлмас нуқсони бор машинасини олган фуқаро: «Янги Cobalt олдим, десам бошимга ғалва сотиб олган эканман» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Унда андижонлик Исмоилжон Ваҳобовнинг автосалондан сотиб олган янги Cobalt русумли автомашинаси бўёқлари тўкилиб тушаётгани, автосалон эса уни бошқасига алмаштириб беришга рози бўлмаётгани баён этилганди.

 Мақола эълон қилинганидан 10 кун ўтиб Исмоилжон Ваҳобов таҳририятга қўнғироқ қилиб, ниҳоят UzAuto Motors компанияси автомашинани янгисига алмаштириб берганини хабар қилди. Шунингдек, уни қўллаб-қувватлаб турган инсонлар ва UzAuto Motors АЖ маъмуриятига сайт орқали ўз миннатдорчилигини билдирмоқчилигини айтди. Шундан сўнг сайт мухбири у билан учрашди.

«Kun.uz сайтида мақола ва видеолавҳа эълон қилингандан сўнг анча пайтдан бери юрмай турган ишим юришиб кетди ва UzAuto Motors мутасаддилари нуқсонли автомошинамни янгисига алмаштириб беришди.

UzAuto Motors вакиллари автомашинам нуқсонли эканлигини уч кунда текшириб чиқишди. Шундан сўнг «брак» автомашинани ЙҲХБда рўйхатдан чиқариб, заводга топширдим. Сўнг бир ҳафтада янги Cobalt автомашинасини салондан олиб чиқдим. Нуқсонли Cobalt’дан қутулиб, заводдан янгисини олишимга сабаб бўлиб, қўллаб-қувватлаб турган барча инсонларга, UzAuto Motors мутасаддиларига, шунингдек мурожаатимга эътиборсиз бўлмаган Kun.uz сайти таҳририятига ўз миннатдорчилигимни билдираман», дейди Исмоилжон Ваҳобов.

Мухбир Элмурод Эрматов,
Тасвирчи Аҳрорбек Ёқубжонов,
Монтаж устаси Нуриддин Нурсаидов

Мавзуга оид