Жамият | 10:20 / 11.04.2020
105665
6 дақиқада ўқилади

Мурожаатчиларга мурожаат: «Одам бўлмаймиз»ми?

Бу йилнинг баҳори дунёнинг барча мамлакатлари учун оғир келди. Январь-февраль ойларида фақат Хитойнинг ўз муаммоси бўлиб турган, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам жиддий қарамаган коронавирус февраль ойи охири ва март ойи бошига келиб бутун дунё бўйлаб тарқалиб кетди. Натижада барча давлатлар ҳукуматлари эпидемиологик нохуш ҳудудлардаги фуқароларини улгурганича эвакуация қилди ва халқаро авиаалоқаларни тўхтатиб, чегараларини ёпди ва турли даражада карантин чораларини жорий қилди.

Ўзбекистон ҳукумати ҳам илк бемор аниқланиши билан зарур чораларни кўришга киришди. Аввалига 16 март кунидан барча таълим муассасалари фаолияти тўхтатилди, кўп ўтмай турли муассасалар, шу жумладан умумий овқатланиш муассасалари ёпилди. 22 март куни мамлакат бўйлаб барчага тиббий ниқоб тақиш мажбурий бўлди, турли ташкилотлар ходимлари масофадан ишлаш тартибига ўтди, ой охирига келиб вилоятлараро транспорт ҳаракатига чеклов қўйилди, шаҳарларга кириш ва чиқиш чекланди, 30 март кунидан Ўзбекистон хориж билан авиаалоқаларни бутунлай тўхтатди. Мамлакатда қатъий карантин чоралари амал қилмоқда. Бутун дунёда бўлгани каби.

Шундай паллаларда вазиятни ҳис қилмаётганлар, қўлланган чораларни тушунмаётганлар ва ношукрлик қилаётганлар ҳам учрамоқда.

«Ҳурматли президентимиз Шавкат Мирзиёев! Биз Россияда қолиб кетган юртдошларингизга ёрдам беринг... Аэропортда қийналиб қолдик... »

«Ҳурматли президентимиз Шавкат Миромонович! Сизга халқ номидан мурожаат қиляпмиз! Биз Дубайга сайёҳлик билан келганлар... Меҳмонхонада қолиб кетдик...»

«Биз Лондондаги ватандошлар... »

«Истанбулдан мурожаат қиляпмиз... »

«Мана, бизни 14 кунга карантинга жойлаштирган жойининг аҳволи...»

«Мана бунга ким тўяди, камбағални устидан кулишми бу...»

Тўғриси, бугунги куннинг оммавий медиа тармоғи бўлган турли телеграм каналлар, ижтимоий гуруҳларда шу каби мурожаатлар кўнгилни беҳузур қилмоқда. Шу вақтга қадар бундай мурожаатларга эътибор қилмай келаётгандим. Албатта, барчанинг гапириш ҳуқуқи бор. Энди мен ҳам шу ҳуқуқдан фойдаланмоқчиман. Мен ҳам мурожаат қилмоқчиман.

Юқоридаги каби мурожаатларни ижтимоий тармоқларда кўплаб топиш мумкин. Телеграмда ҳам, Инстаграмда ҳам, Фейсбукда ҳам шундай видеолар айланмоқда. Уларнинг айримларида калтафаҳмлик, сабрсизлик ва ношукрлик ҳаддан ташқари, бундай видеолар айрим нашрлар учун текин мавзу бўлаётгани эса алоҳида мавзу.

Гап бу ҳақда эмас.

Агар коронавирус 6-7 йил аввалги вақтда тарқалганида хориждаги ватандошлар билан боғлиқ вазият қандай кечган бўларди? Уларнинг ҳолидан хабар олинармиди? Шу коронавирус қурғур агар ўша вақтда тарқалганида Ватанга сиз сингари ватандошларни қайтариш учун чартер рейслар йўлга қўйилган бўларми?

Сўнгги 2-3 йилликларда эса биргина фуқаро соғлиги учун ҳам бутун бошли самолёт юборилганига гувоҳ бўлдикку?

Шундай экан, бунчалик айюҳаннос солиш, жар солиш, ўзини бечора қилиб кўрсатиш нега?

Шундайлар борки, «а» деганга ҳам, «б» деганга ҳам кўнмасликларини, барча нарсадан шубҳа-гумон қилиб, ҳаммани асоссиз айблашдан бошқа нарсани билмасликларини кўп бор кўрсатишган. Ваҳоланки, барча ўзбек тилидаги нашрлар, ҳатто Москвадаги меҳнат мигрантларига хизмат кўрсатувчи айрим юридик фирма сайтларида ҳам вазият очиқ-ойдин ёритилган, меҳнат муҳожирларидан ватанга қайтмай туриш сўралган эди.

Россия ва Туркиядагиларни қўятурайлик, Дубай ва Лондондан чиқиш қилганлар ҳам бўлди. Уларнинг шароитлари Россиядаги меҳнат мигрантларининг ҳолатидан фарқли экани аниқ. Лондондагилар – асосан талабалар, улар вақтинча ота-оналаридан қўшимча ёрдам олиб туришлари мумкин. Қолаверса, имконияти камроқларни ҳам ўша ердагилар ўз ҳолига ташлаб қўйишига ишонмайман, тўғриси. Чунки уларда ижтимоий ҳимоя кучлироқ йўлга қўйилган, буни барча эътироф этади.

Дубайга айланишга борганлар-чи? Барча боришни орзу қиладиган бу шаҳарга саёҳатга борганлар оч қоладиган одамлар деб ўйлайсизми? Жуда тақалиб келса, бўйнидаги тилла занжири, соати ёки бошқа бирор буюмини, келган бало шунга келсин, деб сотиб туришса ҳам қийин даврдан ўтиб олишлари мумкинку? Қийинчилик кунида ярамаса, ундай буюмлар инсоннинг жонидан азиз бўлибдими?

Қолаверса, барча интернет сайтларида карантин қоидалари тиббий жиҳатдан ҳам, оят ва ҳадислар келтириб ҳам кўп бора тушунтирилди. Шундан кейин ҳам, «бизни обкетинг - бизни обкетинг»ларнинг бўлишини мен тушунмадим, тўғриси.

Соғлом ва кенг фикрли инсон кўпга келган тўй, қаерда бўлсак ҳам, Яратганнинг Ўзи асрасин, шу ерда карантинга риоя қилайлик, дейиши керак эмасми?

Ватанга келтирилиб, 14 кунлик карантиндагилар-чи? Кечирасизлар-ку, «бир хонада 5 киши ётибмиз, 6 киши ётибмиз» деб норозилик қилиш инсофдан эмас. Россияда бир хонада 10 киши, 20 киши ётганларни ҳам кўрдик. Ўша вақтда нега айюҳаннос солмадинглар, шароит яхши эмас, деб айтадиган одам йўқ уларга.

Наҳотки, биз ўша, ўзимиз фахрланиб тилга оладиган сабрда, шукрда, эл бошига иш тушганда матонатли бўлишда ўрнак бўлганлар авлодлари бўлсак?! Жилла қурса, озгина уялайлик! Барчаси имкон даражасида зудлик билан амалга оширилмоқда, мустақил давлат сифатида илк бор шундай синовга дуч келинган экан, ташкилотчиликда ҳам шубҳасиз, камчилик-нуқсонлар бўлиши табиий.

Қолаверса, бу синов нафақат Ўзбекистон, йирик давлатларни ҳам гандираклатиб қўйгани ёлғонми? Ҳатто, ривожланган Ғарб давлатларида вирусдан вафот этганларнинг жасадларини вақтинча сақлаш жойлари етишмаётгани ҳақида хабарлар келмоқда. Бу давлатлардагиларнинг бирортаси чиқа солиб, жар солмаяпти-ку? Биз қачон эл бўламиз, халқ бўламиз?

Мўмин-мусулмон сабрда, шукрда бошқаларга наҳотки ўрнак бўлмаса?

Толиб Раҳматов

Мавзуга оид