Ўзбекистон | 12:27 / 12.04.2020
7365
4 дақиқада ўқилади

Карантин учун ҳуқуқий асос мавжуд – Адлия вазирлиги

Бошқарма бошлиғи Ғайбулло Примов коронавирусга қарши кураш штабида бўлиб ўтган навбатдаги брифингда аҳолидан келган саволларга жавоб берди

Карантинга қай тартибда олиш бўйича ҳуқуқий асос борми?

Албатта бор. “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудининг санитария муҳофазаси санитария-карантин назоратини амалга ошириш ва чекловчи тадбирлар яъни карантин жорий этиш йўли билан таъминланади.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги 

176-сон қарори билан Коронавирус инфекцияси аниқланганда (гумон қилинганда) бажариладиган профилактик ва эпидемияга қарши чора-тадбирларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган.

Низомда коронавирус инфекциясига гумон қилинган беморлар аниқланганда давлат органлари ва бошқа ташкилотларининг ҳаракатланиш тартиби, коронавирусга гумон қилинган бемор уйда ва тиббиёт муассасасида аниқланганда ҳаракатланиш тартиби ҳамда коронавирус инфекциясига гумон қилинган шахслар учун карантин белгилаш тартиблари аниқ белгилаб берилган.

Низомга кўра, коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар билан яқин мулоқотда бўлган шахслар провизор госпитал (коронавирус инфекциясига гумон қилинган шахсларни сақлаш 

ва даволаш учун юқумли касалликлар шифохонаси ёки бошқа тиббиёт муассасаси базасида ташкил этилган даволаш муассасаси) ёки изоляторга (юқумли касалликлар шифохонаси ёки бошқа алоҳида ажратилган биноларнинг махсус жиҳозланган хонаси) жойлаштирилади.

Коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар билан мулоқотда бўлган шахслар эса уй карантинида сақланадилар.

Фуқаролик ишлари бўйича судларга онлайн яъни электрон мурожаат қилса бўладими? Агар мумкин бўлса, буни қандай қилиш керак?

"E-XSUD" тизими орқали мурожаат қилиш мумкин.

Мазкур тизим республика судларига мурожаатларни "E-XSUD" ахборот тизими орқали тақдим этиш, мазкур мурожаатлар юзасидан олиб борилган процессуал ҳаракатлар ва уларнинг натижалари юзасидан хабардор қилиш имконини беради

Ҳар бир вилоят туманларда коронавирус бўйича штаб ташкил қилинган. Штаб аъзолари қўллаб қувватланиб моддий рағбатлантириш берилиб туриладими?

Президентнинг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–5969-сон Фармонида тиббиёт, санитария-эпидемиологик ва бошқа ходимлар коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинадиган даврда уларнинг ойлик лавозим маошига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўловлар жорий қилиш белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–4652-сон қарорида, коронавирус инфекциясидан зарарланган беморлар билан мулоқотга киришадиган, зарарланган беморлар жойлаштирилган объектларда ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ҳар 14 кунлик фаолият даври учун: 

врач ходимларга, врач-лаборантларга — 25 миллион сўм;

ўрта тиббиёт ходимларига, ҳамшира-лаборантларга — 15 миллион сўм;

кичик тиббиёт ходимларига — 10 миллион сўм;

бошқа ходимларга — 5 миллион сўм миқдорда махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови белгиланган.

Бундан ташқари, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш доирасида беморлар билан ишлаган вақтида коронавирус инфекцияси юқтириб олган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга 100 млн сўм, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш доирасида беморлар билан ишлаган вақтида коронавирус инфекциясини юқтириш натижасида оғир аҳволга тушган ва соғлиғи тикланмаган тақдирда тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ёки уларнинг оила аъзоларига 250 млн сўм бир марталик тўлов тўланиши белгиланган.

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид