Жаҳон | 20:20 / 13.04.2020
37900
9 дақиқада ўқилади

ЕИ учун туннел охирида ёруғлик кўринмаяпти

Европа Иттифоқи Буюк Британиянинг 2020 йил 31 январдан бошлаб аъзоликдан чиқишини ҳали ҳазм қилишга улгурмай, янги турдаги коронавирусдан жуда  кучли зарбани қабул қилиб олди.

Фото: moritz320

ЕИ ичдан дарз кетди

Хитой, Эрон ва АҚШ сингари эпидемиядан энг кўп зарар кўрган давлатлар сафида Италия ва Испания ҳам бор. Европа Иттифоқи ушбу икки аъзо давлатга лозим пайтда лозим даражада ёрдам кўрсатмади. Гарчи иттифоқ байроғининг мовий фонидаги 12та олтин юлдуздан иборат доира Европа халқлари ўртасидаги бирлик, ҳамжиҳатлик ва уйғунликни акс эттирса-да, Ғарб ушбу оғир кунларда мазкур ғояни амалда кўрсата олмади.

Covid-19’нинг қитъага тез тарқалиши натижасида ЕИга аъзо давлатлар ўз эҳтиёткорлик чораларини кўришди. Шенген минтақаси каби умумий қадриятлар тўхтатилди. Вирус ўчоқлари – Италия ва Испанияга Туркия, Хитой, Куба, Вьетнам каби давлатлар ёрдам қўлини чўзди. Аммо ЕИ асосчилари бўлмиш Германия ва Франция босим остида қолганларидагина ушбу икки иттифоқдошларига ниқоб жўнатишга мажбур бўлишди. Бу эса Европа Иттифоқининг ичдан аллақачон дарз кетганини ошкор қилиб қўйди.

ЕИ муаммолар қуршовида

2009 йил юзага келган иқтисодий инқироз, 2015 йилдан эътиборан кун тартибига чиққан қочқинлар муаммоси ва «Брексит» оқибатлари бугунги кунда Европа Иттифоқида содир бўлаётган воқеалар ва муносабатларнинг асл илдизларидир.

Европа Иттифоқи мамлакатларининг иқтисодий сиёсат нуқтайи назаридан ўзаро муросага кела олмаётгани иттифоқнинг «Хилма-хилликда бирлик» деган шиорига қарши ўлароқ, кўплаб тафриқаларга сабаб бўлмоқда. Қолаверса, қочқинлар муаммосида иттифоққа аъзо давлатларнинг умумий иммиграция сиёсати мавжуд эмаслиги ҳам давлатлараро номувофиқликнинг яна бир кўринишидир. Шунинг учун Европа Иттифоқи давлатларининг қочқинлар масаласида ўз ички сиёсатига мувофиқ ҳаракат қилиши ЕИ органларининг самарадорлиги борасидаги баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Кейинчалик эса «Брексит» туфайли вазият янада кескинлашди – Ғарб интеграцияси ва иттифоқ ичидаги ҳамжиҳатлик масаласи энг катта муаммолардан бирига айланди.

ЕИ бирдамлик учун кечикди

Урсула фон дер Ляйен
Фото: Twitter/vonderleyen

Ушбу воқеаларнинг давом этиши асносида Европани тарқалиш ўчоғига айлантирган Covid-19 эпидемияси «аввал ўзингни ўйла» феноменини саҳнага олиб чиқди. Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйеннинг 5 апрель куни твиттерда «Секин-аста бўлса-да, энди Европа биргаликда оёққа турмоқда» деб ёзгани аслида бир эътироф эди. Чунки ЕИ бирдамлик учун кечикканини у жуда яхши биларди. Шу куни ижтимоий тармоқларда қолдирган бошқа хабарларида ҳам Италияга Польшадан шифокорлар жўнатилгани, Испанияга эса Чехия ва Австрия ниқоб масаласида ёрдам бераётганини, италияликлар Германиядаги касалхоналарда даволанаётганини айтди ва «Бу Европа ҳамжиҳатлигининг кучидир. Келажакни бунёд этиш учун эса бу ғояни аниқ сиёсий ҳаракат ва сармояларга айлантиришимиз лозим», деди. Унинг фикрича, Европа бугун янги «Маршалл режаси»га эҳтиёж сезмоқда.

Янги «Маршалл режаси» нима учун керак?

Маълумки, «Маршалл режаси» АҚШ томонидан Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Европа давлатларини урушнинг салбий асоратларидан қутқариш учун амалга оширилган иқтисодий ёрдам дастури эди. Йиллар ўтиб, эндиликда Европанинг моддий ва маънавий жиҳатдан кучга кириши учун Маршалл ёрдамига муҳтожлиги ошкора айтилмоқда.

Урсула фон дер Ляйен Германиянинг Die Welt газетасига берган интервьюсида Европа Иттифоқининг янги ва кучли бюджетини яратиш лозимлигини таъкидлади. Испания бош вазири Педро Санчес ҳам Guardian газетасида чоп этилган мақоласида Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг даҳшатли инқироз – эпидемиядан сўнг Европанинг оёқда тик қолиши даргумон эканини, иқтисодиётни қайта қуриш учун қўҳна қитъа ўзининг янги «Маршалл режаси»ни ишлаб чиқиши лозимлигини баён этди. 

Турган гапки, янги «Маршалл режаси» орқали катта маблағни жалб қилиш учун Европа Иттифоқининг барча шерик институтлари кўмагига эътибор қаратилади. Аммо эпидемия бошланганидан бери нималар содир бўлаётганига назар ташлайдиган бўлсак, Европа бу масалада келиша олмайдигандай тасаввур уйғотмоқда. Зотан, Европа Иттифоқи «Брексит» билан илк бор ўз аъзосини йўқотгани каби халқаро майдонда ҳам «глобал куч» имижини секин-аста қўлдан бой бермоқда.

Жанез Ленарчич ЕИнинг айбини эътироф этди

Урсула фон дер Ляйендан сўнг ЕИнинг инқирозларни бошқариш учун масъул комиссари Жанез Ленарчич ҳам эътироф билан чиқди. Унинг таъкидлашича, иттифоқ Италиянинг дастлабки чақириғига ўз вақтида жавоб қила олмади. Ҳамжиҳатлик ва бирдамлик ҳар доимгидан кўра кўпроқ фойда берадиган ушбу оғир дамларда ЕИ ғафлатда қолди.

Айтиш жоизки, қийин вазиятга тушиб қолган иттифоқ мамлакатларига энди кўмак берилаётган бир пайтда «Маршалл режаси» каби улкан ёрдам пакетини амалга ошириш жуда қийин масала. Қолаверса, иқтисодий инқироз даврида ҳам умумий иқтисодий келишувлар амалга ошмай қолган экан, энди нимадан умид қилиш мумкин?

Германия нега оёғини тираб турибди?

Ҳозирда Италия ва Испания умумий қарз олиш тизимини яратиш фикрини қўллаб-қувватламоқда. Бироқ Германия бошчилигидаги гуруҳ ушбу тизим ўрнига Европа барқарорлик механизмининг (ESМ) кредит шартларини юмшатиш таклифини билдирмоқда. Аммо ESМ жорий этилишига қарши бўлган давлатлар келгусида ҳозиргидан-да оғирроқ вазият юзага келиши мумкинлигидан хавотирланиб, ушбу таклифни рад этмоқда. Яъни Испания, Италия, Франция, Бельгия, Люксембург, Ирландия, Португалия, Греция ва Словения каби давлатлар Covid-19 облигациялари билан бирга миллий қарзларни ҳам бўлишиш кераклигини таъкидлашмоқда. Германия, Нидерландия, Австрия ва Финляндия каби давлатлар эса бу фикрга қарши.

Айниқса, Германия иттифоқ таркибидаги энг қудратли иқтисодиёт соҳибларидан бири сифатида жанубий Европа мамлакатларига кафил бўлиб қолмаслик учун бу масалада «оёғини қаттиқ тираб турибди». Шунинг учун иттифоққа аъзо давлатлар молия вазирлари иштирокида 7 апрель куни ўтказилган 16 соатлик видеоконференция ҳам ҳеч бир натижа бермади. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Европа Иттифоқи учун таъсирчан умумий қутқарув пакети ҳали бир орзу.

«Италияликларнинг келажаги немисларнинг қўлида»

Италия ва Испания Европада вирусдан энг кўп жабр кўрган мамлакатлар бўлиб қолмоқда
VALDRIN XHEMAJ/EPA

Оксфорд университетининг Европа тарихи бўйича профессори Тимоти Гартон Аш 7 апрель куни Der Tagesspiegel газетасида чоп этилган мақоласида Италияга қандай ёрдам берилиши ва Германиянинг келгусида тутадиган позицияси иттифоқ кун тартибида турган энг муҳим масалага айланганини айтди.

Зотан, 2020 йил март ойида Италияда ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, италияликларнинг 88 фоизи Европа Иттифоқининг қўллаб-қувватлашини ҳис қилмасликларини, 67 фоизи эса ЕИга аъзоликдан ҳеч бир наф кўрмаётганини билдирган. Ашнинг фикрича, Италия газеталарида «Италияликларнинг келажаги немисларнинг қўлида» каби сарлавҳалар эълон қилинаётган бир пайтда Германиянинг қандай йўл тутиши иттифоқ келажагига ҳам таъсир қилувчи энг муҳим қарор бўлади.

ЕИ аъзолиги қайта кўриб чиқилиши мумкин

Ҳозирги вазиятда ЕИ учун туннел охирида ёруғлик кўринмаяпти. Кун келиб, ҳаммаси изга тушиб кетган тақдирда ҳам аъзо давлатлар ЕИ аъзолигининг ижобий ва салбий томонларини қайта кўриб чиқишса ажаб эмас. Зотан, Англия очиб берган «чиқиш» йўлагига бошқаларнинг қадам босмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Шу нуқтайи назардан, Европа Иттифоқи ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий жиҳатдан «қон» йўқотди.

Кўрамиз, кўҳна қитъа аввалги қудратли ҳолига қайтиб, Жан Монет айтганидай, ўзининг инқирозлардан туғилганини амалда исботлай олармикин.

Отабек Тиллаев тайёрлади

Мавзуга оид