Ўзбекистон | 16:08 / 14.04.2020
10447
3 дақиқада ўқилади

Карантин вақтида ишчилар навбатчиликка қўйилиши мумкинми? – вазирлик изоҳи

Коронавирусга қарши кураш штабида бўлиб ўтган навбатдаги брифингда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари Шаҳноза Равшанова қатор саволларга ойдинлик киритди

Фото: KUN.UZ

Карантин вақтида давлат ташкилотларида ишхонада қоровуллар етарли бўлишига қарамай ишчилар график асосида навбатчиликка қўйилиши мумкинми? Бу ҳолат қонунчиликка зид эмасми?

Бу саволга авваламбор назарда тутилган давлат ташкилотининг фаолият кўрсатаётган тармоғи ёки соҳаси, унда кўзда тутилган иш режими, бугунги шароитни инобатга олган ҳолда бу ташкилотнинг ижтимоий аҳамиятидан келиб чиқиб жавоб бериш ўринли бўларди. Агар ташкилотнинг локал ҳужжатларида ёки ходимнинг меҳнат шартномасида кўрсатилмаган бўлса, Меҳнат кодексига асосан иш берувчи ишчиларни график асосида навбатчиликка, яъни иш вақтидан ташқари ишга, дам олиш кунлари ва байрам кунлари ишга жалб этишга, шунингдек ўзининг хизмат вазифасига кирмайдиган ишларни бажаришга ходимларнинг розилигисиз мажбур қилса, бу меҳнат қонунчилигига зид ҳисобланади ва бунинг учун жавобгарлик белгиланган.

Ходим ўз иш жойида ишлаб турган вақтида корхонада иш ўринлари қисқартирилганлиги сабабли ишдан бўшатилиши мумкинми? Яна ходим оилада ягона ишловчи яъни боқувчи ҳисобланса ҳамда оилада ота 1 гуруҳ ногирони сифатида рўйхатда турса. Бундай ҳолларда қонунчиликда қандайдир имтиёзлар кўрсатиб ўтилганми?

Иш ўринларини қисқартириш ишлаб чиқаришдаги ўзгаришлар, ишлар ҳажмининг қисқариши муносабати ёки бошқа сабаблар билан рўй бериши мумкин. Бу жараённи амалга оширишда Меҳнат кодексининг 103-моддасида назарда тутилган малакаси ва меҳнат унумдорлиги бир хил бўлган ходимлардан бирини ишда қолдиришда афзаллик бериладиган ҳолатлар сифатида қуйидагилар назарда тутилиши мумкин: қарамоғида икки ёки ундан ортиқ киши бўлган ходимларга; оиласида ундан бўлак мустақил иш ҳақи олувчи бўлмаган шахсларга; мазкур корхонада кўп йиллик иш стажига эга бўлган ходимларга ва шу моддада белгиланган бошқа категориялар хамда жамоа шартномасида ходимларни ишда қолдиришда афзаллик бериладиган бошқа ҳолатлар назарда тутилиши мумкин.

Турмуш ўтоғим ва мен тадбиркор корхонасида оғзаки келишув асосида ишлар эдик. Карантин туфайли оиламиз даромад манбаисиз қолди. Уч нафар вояга етмаган фарзандимиз бор. Карантин муносабати билан нафақа олишим учун керакли ҳужжатларни йиғиб топширишда муаммо бўлмоқда. Нафақа тайинланиши учун қаерга мурожаат қилишим мумкин?

Ишлаш истагида бўлсангиз бизнинг жойлардаги Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига мурожаат қилинг, бу ерда сизга доимий ёки вақтинчалик жамоат ишлари таклиф этилади. Ишга жойлаштириш иложи бўлмаганда сизга ишсизлик нафақаси тайинланади.

Шу билан бирга Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги 44-сон қарори асосида тасдиқланган "Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида"ги Низомига кўра сиз фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига мурожаат қилишингиз мумкин хамда «Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фондига (1197 қисқа номерга) ҳам мурожаат қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид