Ўзбекистон | 15:07 / 15.04.2020
8483
2 дақиқада ўқилади

Баҳром Aшрафхонов Озарбойжонга элчи этиб тайинланди

Баҳром Баҳодирович Ашрафхонов Ўзбекистоннинг Озарбойжондаги элчиси лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

«2020 йилнинг 14 апрель куни Ўзбекистон Республикасининг Озарбойжон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Баҳром Aшрафхонов Тошкент шаҳридан Боку шаҳрига етиб келди», дейилади вазирлик хабарида.

Баҳром Ашрафхонов 1969 йилда туғилган, 1993 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини, 1994 йилда Америка Қўшма Штатлари Кентукки университетини халқаро валюта-кредит муносабатлари, давлат молияси мутахассислиги бўйича тамомлаган.

У 2005-2007 йилларда Молия вазирининг биринчи ўринбосари, 2007-2016 йилларда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилиги бошлиғи – Молия вазири ўринбосари бўлган.

2016-2018 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги фавқулодда ва мухтор элчиси сифатида фаолият кўрсатган. 2018-2019 йилларда «Ўзбекнефтегаз» АЖ бошқарув Раиси вазифасини бажарувчиси бўлган.

2019 йил февралидан 2019 йил сентябригача Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг ижтимоий соҳа масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаганди.

Баҳром Aшрафхонов 2019 йилнинг сентябрида Молия вазирлиги ҳузуридаги Пенсия жамғармасининг ижро этувчи директори лавозимига тайинланганди. У 2020 йилнинг 30 мартида бу лавозимидан озод этилганди.

Мавзуга оид