Жаҳон | 01:20 / 19.04.2020
4203
1 дақиқада ўқилади

Нью-Йорк штатида видеоалоқа орқали никоҳ тузишга рухсат берилади

Нью-Йорк губернатори Эндрю Куомонинг таъкидлашича, коронавирус тарқалиши бошланганидан буён штатда ажрашишлар сони ўсган, никоҳ тузишлар эса анча камайган.

Фото: EPA-EFE/Alba Vigaray

АҚШнинг Нью-Йорк штати ҳукумати фуқароларга коронавирус пандемияси шароитида масофадан туриб видеоалоқа орқали никоҳ тузишга рухсат беради. Бу ҳақда штат губернатори Эндрю Куомо маълум қилди.

"Бугун фуқароларга масофадан туриб никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома олиш, давлат хизматчиларига эса никоҳни қайд этиш маросимини видеоалоқа орқали ўтказиш имконини берувчи ҳужжатни имзолаймиз ", - деди губернаторнинг котиби Мелисса ДеРосса.

Куомонинг таъкидлашича, коронавирус тарқалиши бошланганидан буён штатда ажрашишлар сони ўсган, никоҳ тузишлар эса анча камайган. Аммо губернатор бу борада аниқ рақамларни келтирмади.

Жонс Ҳопкинс университетининг маълумотига кўра, айни пайтга келиб Нью-Йорк штатида коронавирус оқибатида 17 131 киши вафот этган. Касаллик юқтирганлар сони эса 235 мингдан ошиб кетган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид