Иқтисодиёт | 23:23 / 20.04.2020
30620
2 дақиқада ўқилади

Президент карантин даврида солиқ тушумлари камайиб кетгани ҳақида гапирди

​​​​​​​Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев саноат, қурилиш ва инфратузилма тармоқлари корхоналарининг тўлиқ ишлашини таъминлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида карантин даврида солиқ тушумлари камайиб кетгани ҳақида гапирди.

Давлат раҳбари Ўзбекистонда карантин муддатини жорий йилнинг 10 майига қадар узайтирилганига тўхталар экан, вазият нечоғли жиддийлигини таъкидлади.

«Фуқароларимизнинг даромад манбайи чекланиб қолмоқда, одамлар қийналяпти. Ўз навбатида жойларда қурилиш, ишлаб чиқариш корхоналарининг аксарият қисми фаолиятини тўхтатди ёки тўлиқ қувват билан ишламаяпти», дея президентнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Президент бу ҳолат ҳудудларда иқтисодиёт ва ижтимоий соҳага, аҳоли ҳаётига салбий таъсир кўрсатаётганига эътибор қаратди.

Маълум қилинишича, давлат бюджетига солиқ тушумлари сўнгги бир ҳафтада Навоийда 11 миллиард, Жиззахда 15 миллиард, Қашқадарёда 22 миллиард, Сирдарёда 12 миллиард сўмга камайиб кетган.

«Пандемиядан зарар кўрган кўплаб хорижий давлатлар карантин чекловларини босқичма-босқич ениллаштириб бораётганига гувоҳ бўляпмиз. Бизда ҳам карантин бошланганига мана, бир ой бўлди. Умуман коронавирус аниқланмаган туман, шаҳарларимиз бор. Биринчи навбатда ушбу ҳудудларда карантин чекловларини секин-асталик билан юмшатиш фурсати келди.

Халқ депутатлари шаҳар, туман кенгашлари қарори билан қайси корхоналарни биринчи навбатда ишлатиш кераклиги тўғрисида таклиф оламиз. Ишлаб чиқариш, қурилиш корхоналари мутлақо тўхтаб қолмаслиги керак. Ҳокимлар кафолат хати беради.

Шуни таъкидлашни истардим, бу юмшатиш санитария ва карантин қоидаларига юз фоиз амал қилган ҳолда қилинган ҳолда амалга оширилади. Чунки биз одамларимизни боқишимиз керак, ҳаёт давом этяпти», деди президент.

Мавзуга оид