Иқтисодиёт | 23:40 / 20.04.2020
43399
5 дақиқада ўқилади

Тарихий қулаш. Нефтнинг бир баррели нолдан қуйига тушди

ОПЕК+ давлатлари икки марта учрашиб, узоқ давом этган музокаралардан сўнг кунлик нефть қазиб олиш ҳажмини қисқартириш бўйича келишувга эришганди. Аммо нефть нархини барқарор ушлаш учун кунлик қазиб олишни 9,7 миллион беррелга камайтириш ечим эмаслиги кўринди.

Фото: EPA/Vostock-photo

20 апрель куни нефть нархи ақл бовар қилмас даражада пасайди. Биржада WTI нефтининг 1 баррели учун аввалига 4 доллар, кейин 2 доллар ва ҳатто 96 центгача арзонлаб кетди. Forbes маълумотига кўра, биржада май ойи фьючерслари учун 1 цент эвазига 1 баррель нефть таклиф қилинган. Маълумот учун, 1 баррель 159 литрга тенг. Яъни, нефть текин бўлиб қолди.

Лондон биржасида бугун WTI (West Texas Intermediate) туркумидаги нефть нархи 20 фоизга арзонлаб 14,1 долларгача тушиб кетганди. Бу 1999 йилдан буён энг арзон нарх бўлди. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмасди. WTI’нинг баррели 10,5 долларгача арзонлашга улгурди. Brent ҳам 4,5 фоиз арзонлади. Айни дамда бутун дунёни ҳайратга солиб нефть нархи тарихдаги энг паст кўрсаткичгача тушди. WTI 1 баррели аввал 0,96 доллар, кейинроқ 1 центгача арзонлади. Бир муддат нефть нархи 0,00 доллар экани ҳам кўринди.

Экспертларнинг айтишича, Москва ва Ар-Риёднинг узоқ вақт давом этган «нарх уруши»дан сўнг музокарага келгани, шунингдек ОПЕК+ келишуви нархнинг барқарорлашуви учун етарли бўлмади. Ташкилот аъзолари кунлик қазиб олиш ҳажмини 9,7 миллион баррелгача камайтиришга келишганди. Ўз навбатида, Саудия Арабистони ва Россия кунлик қазиб олишни май-июнь ойларида 2,5 миллион баррелга камайтириш бўйича бир қарорга келганди. Бироқ бу чоралар самара бермаяпти. Экспертларга кўра, қазиб олишни янада каттароқ миқдорда камайтириш керак, чунки омборлар тўлиб кетган.

«Бозор ОПЕК+ келишуви нархларни кўтариш учун етарли бўлмаганини кеч англади», дейди Axicorp брокерлик корхонаси асосий таҳлилчиси Стивен Иннес.

Нефть нархи кўтарилмаётганининг асосий сабаби АҚШ нефть омборларида хом ашё тўлиб-тошгани деб ҳисобламоқда иқтисодчилар. Март ойидан буён АҚШнинг йирик омборларида нефть 50 фоизгача кўпайди. «Нефть арзон бўлса ҳам, сотилиб кетаётганини кўряпмиз, чунки ҳеч ким омборлар дақиқа сайин тўлишини хоҳламайди», дейди Стивен Иннес. Айнан омборлар тўлгани сабаб корхоналар нефтни текинга ҳам бериб юборишга тайёр.

Bloomberg жума куни Саудия АҚШга кунига 600 минг баррель нефть юборишни режалаштираётганини ёзганди. Йил давомида бунақа катта миқдорда нефть савдоси кузатилмаганди. Шунингдек, Bloomberg апрелнинг дастлабки ҳафтасида ҳар куни биттадан 2 миллион баррель нефть ортилган танкерлар юборилганини ёзганди.

Саудия Арабистони Россия билан қазиб олиш ҳажмини камайтиришни келишиб олганидан кейин ҳам принципиалликни тўхтатмади ва яқинда мижозлари учун катта чегирма эълон қилди. Саудия Европа мамлакатларига 10 долларгача чегирма ва нефть учун пулни 3 ойдан кейин тўлаш мумкинлигини эълон қилди. Россияда эса Саудиянинг бу иши «орқадан пичоқ уриш» деб қабул қилинди. Демак, Саудия бугунги ҳолатни билган ҳолда нефть учун катта чегирмалар эълон қилган.

  • Ушбу материал тайёрланган вақтда нефть нархи манфий даражагача тушиб кетди. Ҳа, шундай бўлиши ҳам мумкин экан. Компаниялар харидорларга 1 баррель нефть учун 40 доллар пул таклиф қилишмоқда. Мақсад - омборларни бўшатиш. Тарихда бирор марта WTI нефти нархи манфий ҳолатга келмаганди.

Telegram’даги Бакиро каналида эълон қилинган постда эса ушбу вазиятга шундай изоҳ берилган:

Нефтнинг WTI нави айни дамда спот ва май ойи фьючерслари учун шаклланган салбий нархларини тушунмаётганлар учун икки оғиз.

Манфий нарх — бу ишлаб чиқарувчилар сотиб олувчиларга қазилган нефтни олиб кетишгани учун тўланадиган комиссия. Нега? Чунки Шимолий Америка бозори учун характерли WTI нефти учун сақлагани жойнинг ўзи қолмаган, омборлар тўлиб бўлган ва танкерлар банд.

Каналда ишлаб чиқарувчиларнинг харидорлар учун тўлашга рози бўлаётганининг сабаби ҳам тушунтирилган.

Сабаб оддий. Мақсад — харидорларни ушлаб қолиш. Айни дамда битимлар етказиб бериш билан боғлиқ эмас, аксар битимлар етказиб бериш ҳуқуқи холос.

Яна бир сабаб насосларни тўхтатиб, қудуқларни ҳозир ёпиб, қайта очиш ўта мураккаб ва қиммат жараёнлиги билан боғлиқ. Битта қудуқни резервацияга ўтказиш ва қайта очиш шартли равишда 2 миллион АҚШ долларига тушади. Қудуқни яна 1 ой ишлатиш ва харидорларга комиссия тўлаш эса 1 миллион долларга айланади. Ҳаммасига яна нисбий афзаллик сабабчи.

Мавзуга оид