Ўзбекистон | 08:53 / 21.04.2020
4007
3 дақиқада ўқилади

Ирригация ва сув муаммолари институтининг филиаллари ташкил қилинади

Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институтининг филиаллари ва бўлимлари ташкил қилинади

Фото: KUN.UZ

Вазирлар Маҳкамасининг “Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институтининг филиаллари ва бўлимларини ташкил қилиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти тизимида:

а) юридик шахс мақомига эга:

Хоразм бўлими негизида Хоразм филиали;

Қашқадарё бўлими негизида Қашқадарё филиали ташкил қилинади.

б) юридик шахс мақомига эга бўлмаган, таркибий тузилмалари уч штат бирликдан иборат:

Андижон бўлими, Бухоро бўлими, Жиззах бўлими, Навоий бўлими, Наманган бўлими, Самарқанд бўлими, Сурхондарё бўлими, Сирдарё бўлими ва Фарғона бўлими ташкил қилинади.

Қуйидагилар Филиаллар ва бўлимларнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланади:

Вилоятлар тупроқ-иқлим шароитларига мос инновацион ва ресурстежамкор технологияларни такомиллаштириш мақсадида сув хўжалиги илм-фан соҳасида мамлакатнинг илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари томонидан ишлаб чиқилган энг самарали илмий-тадқиқот ишланмалари натижаларини амалиётга кенг жорий қилиш кўламини кенгайтириш;

Сув ресурслардан самарали фойдаланишни таъминловчи ресурстежамкор, смарт, рақамли ва инновацион технологияларга асосланган сув хўжалигини ривожлантиришнинг илмий-амалий натижаларини минтақалар шароитига кенг жорий этиш;

Сув ресурсларини ҳисобга олиш, уларни оқилона бошқариш ва сувдан самарали фойдаланиш, мавжуд сув хўжалиги иншоотларини ишончли ишлатиш ва хавфсизлигини таъминлаш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва унумдорлигини ошириш, сув хўжалигида замонавий инновацион технологияларни жорий қилиш.

Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институтининг Хоразм ва Қашқадарё филиаллари раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан вилоят ҳокимликлари билан келишган ҳолда лавозимига тайинланади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2021 йилдан бошлаб Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти, унинг филиаллари ва бўлимларининг бино ва иншоотларини сақлаш, ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича харажатларни молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан базавий молиялаштириш шартларига ўтказади.

Қуйидагилар, Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти филиалларининг фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгиланади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

белгиланган тартибда жалб этилган бюджетдан ташқари маблағлар;

халқаро молия институтлари, хорижий ташкилотларнинг грантлари;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда филиалларнинг илмий-тадқиқот лабораторияларини ташкил этиш ҳамда зарур бўлган асбоб-ускуналар ва замонавий лаборатория жиҳозларини сотиб олиш ва ўрнатиш билан боғлиқ тадбирларни амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги икки ой муддатда сув хўжалигининг устувор вазифалардан келиб чиққан ҳолда Давлат ва мақсадли илмий дастурлари (фундаментал, амалий тадқиқотлар ҳамда инновацион фаолиятнинг асосий йўналишлари бўйича) ҳамда илмий фаолиятга оид ҳудудий дастурларни шакллантиради ва молиялаштириш чораларини кўради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид