Жаҳон | 17:24 / 22.04.2020
10419
1 дақиқада ўқилади

Хитой АҚШ штатининг коронавирус бўйича даъвосини судни мазах қилиш деб атади

ХХР ташқи ишлар вазирлиги вакили Гэн Шуан Хитой раҳбариятининг ҳаракатлари Америка судлари юрисдикцияси остида эмаслигини эслатиб ўтди.

Фото: Reuters

Миссури штатининг Хитойни коронавирус тарқалиши бўйича маълумотларни яширишда айблаб берган даъво аризаси судни мазах қилишдир, деди ХХР ташқи ишлар вазирлиги вакили Гэн Шуан.

Дипломат бу айбловда ҳеч қандай асос йўқлигини айтди. Гэн Шуаннинг таъкидлашича, Хитой ҳукумати эпидемия бошланганидан буён Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, АҚШ ва бошқа давлатларни вазият борасида максимал даражада очиқ тарзда хабардор қилиб келган. 

У шунингдек, Хитой раҳбариятининг ҳаракатлари Америка судлари юрисдикцияси остида эмаслигини эслатиб ўтди.

Аввалроқ Миссури штати Хитой ҳукуматини коронавирус пандемияси сабабли судга берганди. Штат бош прокурори Эрик Шмиттнинг фикрича, Пекин COVID-19 борасида дунёни "алдаган" ва эпидемияни дастлабки босқичида тўхтатиш учун жуда оз иш қилган.

Дональд Трамп маъмурияти сўнгги пайтларда Хитойга қарши қаратилган айбловлар оташини янада оловлантириб, Чинни эпидемия сабабчиси сифатида кўрсатишга уринмоқда.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид