Жамият | 17:22 / 27.04.2020
3322
2 дақиқада ўқилади

Апрель ойида 121 мингдан ортиқ киши жамоат ишларига жалб этилди - вазирлик

Айни пайтда жамоат ишлари 20га яқин йўналишда йўлга қўйилган бўлиб, уларга жалб этилган фуқарога иш ҳақи ҳар 5 кунда тўлаб берилади.

Бугун, 27 апрель куни АОКАда ўтказилган брифингда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот котиби Шаҳноза Равшанова вақтинча даромадсиз қолган шахсларни жамоат ишларига жалб қилиш орқали бандлиги таъминланаётгани ҳақида маълумот берди.

«Апрель ойининг ўзида 121 мингдан ортиқ фуқаро жамоат ишларига жалб этилиб, уларнинг хизмат ҳақлари ҳар 5 кунда тўлаб берилди.

Бунинг учун Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги қошидаги Жамоат ишлари жамғармасига Инқирозга қарши курашиш жамғармаси томонидан 200 миллиард сўм ажратилган», дея таъкидлади Шаҳноза Равшанова.

Унинг қайд этишича, айни пайтда жамоат ишлари 20га яқин йўналишда йўлга қўйилган. Олдин бу кўрсаткич 8-9та атрофида бўлган. Йўналишлар сони ортиши ноанъанавий йўналишлар қўшилиши ҳисобига бўлган.

«Масалан, кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш, қурилиш каби йўналишлардан ташқари, ёлғиз қарияларни парваришлаш, ниқоб ишлаб чиқариш, дезинфекция ишлари, маҳаллаларда ташкил этилаётган кўчма савдо марказлари, хайрия марказларидаги фаолият орқали ҳам фуқароларнинг даромад топиш имкони пайдо бўлмоқда.

Шунингдек, карантинга олинган оила ва хонадонларга ёрдамчи посбон, ички ишлар ва миллий гвардия хизматлари томонидан ташкил этилган блокпостларга халқ посбони лавозимларида ишлаш учун ҳам вақтинча ишсиз фуқаролар жалб этилмоқда», деди  Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги вакили брифингда.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан ишсиз ва банд бўлмаган фуқароларга енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш, уруғлик ва кўчатлар харид қилиш учун аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари орқали субсидиялар ажратилиши ҳақида ҳам маълумот берилган эди.

Мавзуга оид