Танзила Норбоева: “Аҳоли бандлигини таъминлашда тизимли муаммолар сақланиб қолмоқда”
Сенат раисига кўра, Хоразм вилоятида ҳудудий инвестиция дастури доирасида 19 та лойиҳага кредит маблағларининг ажратилмаганлиги сабабли юзлаб иш ўринлари ташкил этилмасдан қолган.
Олий Мажлис Сенатининг ўттиз учинчи ялпи мажлисида Танзила Норбоева Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишларни ўрганиш натижалари тўғрисида фикр билдирди.
“Бандлик масаласини амалий ҳал этишда муҳим бўлган меҳнат ярмаркаларини ўтказиш, уларнинг самарадорлигини ошириш, банд қилинган аҳолига тўланадиган иш ҳақи муносиб меҳнат стандартларига тўлиқ жавоб бериши, бу борада хусусий корхоналар ўртасида соғлом рақобатни таъминлашга қаратилган қандай ишлар масъуллар томонидан йўлга қўйилган? Квоталанган иш ўринлари қанчани ташкил этади? Ва албатта, ишга жойлашишга талабгор бўлган фуқароларимиз ўртасида, умуман олганда, ҳудуддаги аҳоли ўртасида қандай тарғибот ишлари олиб борилмоқда?Аҳолининг ҳудуддаги бандлик шарт-шароитлари борасида хабардорлиги даражаси тегишлича ташкил этилмоқдами? Мутасаддилар бу масалалар буйича ечим бериши шарт.
Гап масъулият ва талабчанлик ҳақида борар экан, ҳудудий тузилмалар ҳам ўз ишини танқидий кўриб чиқиши керак. Жойларда ишсиз аҳоли билан бевосита улар ишлайди. Ҳудуднинг ўзига хос хусусиятлари, имкониятлари ва салоҳиятини, аввало, қуйи ташкилотлар баҳолаши керак. Таклиф, ташаббуслар ҳам пастдан чиқиши керак, аслида.
Қорақалпоғистонда кўплаб якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятини йўлга қўйган. Шу билан бирга қатор тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятини тўхтатган ёки тугатган (етти ойда қарийб 2 900 та якка тартибдаги тадбиркорлик субъекти ташкил этилган бўлса, шу даврнинг ўзида уларнинг 900 га яқини ёки қарийб ҳар учтадан биттаси (30 фоизи) фаолиятини тўхтатган). Сабаб нима? Буни ўйлаш, ўрганиш, таҳлил қилиш керак.
Кўп бора муҳокама қилишимизга қарамасдан айрим тизимли муаммолар ҳамон сақланиб қолмоқда.
Битта мисол: Хоразм вилоятида ҳудудий инвестиция дастури доирасида 19 та лойиҳага кредит маблағларининг ажратилмаганлиги сабабли юзлаб иш ўринлари ташкил этилмасдан қолган.
Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги, Марказий банк, тижорат банклари ва вилоят ҳокимлиги ушбу масалани чуқур ўрганиб, бир ой муддатда Сенатга ахборот киритиши зарур”, — дея таъкидлаб ўтган Танзила Норбоева.
Сенат раисининг қўшимча қилишича, “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлган субъектлар ЯТТ шаклида солиқ органлари базасида ҳисобга олиниши лозим. Бироқ бу борада аниқ, шаффоф механизмлар етишмайди. Маълумотлар ўзаро интеграция қилинмаган. Ҳунармандчилик йўналишидаги иш ўринларининг аниқ ҳисоби йўқ. Солиқда бошқа рақам, Уюшмада бошқа рақам. Соҳага ажратилган кредит ва субсидияларни ўзлаштиришда ҳам камчиликлар бор.
Шунинг учун айни пайтда тарқоқ ҳолатда бўлган айрим электрон тизимлар, хусусан “hunar”, “online-mahalla”, “oilakredit” платформаларини ўзаро интеграция қилиш зарур.
Танзила Норбоева бандлик масаласида маҳаллий кенгашларни масъулиятни оширишга ва фаолликка чақирди:
“Қарорларимизда алоҳида ва аниқ тавсиялар ҳам ёзяпмиз. Ҳар ой якуни билан ҳудуддаги ишлар ҳолатини танқидий муҳокама қилиш, ишлар суст ташкил этилган ҳудудлар бўйича мутасаддиларга чора кўриш кераклигини айтяпмиз. Шунга қарамай, Урганч, Ҳазорасп ва Шовот туманларида янги иш ўринлари яратиш масаласи маҳаллий кенгаш сессияларида бир марта муҳокама қилинган, холос. Нима, бу туманларда ишсизлар қолмаганми? Бундай ҳолатни қолган ҳудудлар мисолида ҳам кўриш мумкин”.
Мавзуга оид
16:12 / 22.11.2024
Танзила Норбоева Россияда МДҲ давлатлари Парламентлараро Ассамблеясида иштирок этди
13:56 / 19.11.2024
Танзила Норбоева Сенат раиси лавозимига қайта сайланди
13:10 / 17.11.2024
Ўзбекистон парламенти аъзолари Бокуда ўтаётган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференцияда иштирок этди
22:55 / 16.11.2024