Ўзбекистон | 14:15 / 12.04.2020
6178
3 дақиқада ўқилади

Карантин даврида фуқаро хусусий бандлик агентлигига тўлаган пулини қайтариб олиши мумкин

Хусусий бандлик агентлиги билан шартнома тузган фуқаролар исталган ҳолатда тўлаган пулини қайтариб олиш ҳуқуқига эга. Агар агентлик вакили шартномада кўрсатилган шартларни бажаришдан бош тортса ёки пулни қайтариб бермаса, фуқаро Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, унинг ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиш мумкин.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот котиби Шаҳноза Равшанова АОКАда ўтказилган брифингда пандемия даврида хусусий бандлик агентлиги билан шартнома тузган фуқаролар пулларини қайтариб олиш имконига эгалиги ҳақида маълумот берди.

«Хусусий бандлик агентлиги билан шартнома тузган фуқаролар исталган ҳолатда тўлаган пулини қайтариб олиш ҳуқуқига эга. Даставвал, фуқаро хусусий бандлик агентлиги билан имзоланган шартномани қайта ўқиб чиқиши зарур», дея таъкидлади Шаҳноза Равшанова.

Вазирлик вакилининг қайд этишича, шартномада форс-мажор ҳолатларида ХБА ва мижоз ўртасидаги муносабатлар қай тарзда тартибга солиниши кўрсатилган бўлади. Агар шартномада бундай банд бўлмаса, ХБА вакили билан келишиб, тўлаган маблағни қайтариб олиш мумкин.

Бироқ карантин ва чеклов тадбирлари сабаб шаҳар бўйлаб ҳаракат чеклангани, айрим корхона ва ташкилотлар фаолияти қисман тўхтатилгани туфайли пулни қайтаришда қийинчиликлар юзага келиши ҳам мумкин.

Бундан ташқари, агар хусусий бандлик агентлиги вакили шартномада кўрсатилган шартларни бажаришдан бош тортса ёки пулни қайтариб бермаса, фуқаро Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, унинг ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиши мумкинлиги айтиб ўтилди.

«Карантин ва чеклов тадбирлари сабаб хорижий давлатлар элчихоналари, консуллик бўлимлари вақтинчалик фуқароларни қабул қилмаяпти.

Бироқ айрим ҳолатларда  ишчиларнинг чет элда меҳнат фаолиятини амалга ошириши учун ҳатто таклифномалар ҳам келганига гувоҳ бўляпмиз. Лекин бугунги вазият сабаб барча жараёнлар тўхтаган. Шуларни инобатга олган ҳолда, фуқароларга иш таклифлари бўйича бирор қарор қабул қилишда карантин тугашини кутишни маслаҳат берамиз», дея Шаҳноза Равшанованинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид