Ўзбекистон | 09:18 / 02.05.2020
8019
3 дақиқада ўқилади

Халқаро ислом академиясига ўқишга қабул қилиш тартиби тасдиқланади

Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг бакалавриат ва магистратурасига қабул қилиш тартиби тасдиқланади.

Фото: Дильшода Рахматова

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг бакалавриат ва магистратурасига қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Академиянинг бакалавриат ва магистратурасига қабул бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари кесимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисидаги тегишли қарори билан белгиланадиган давлат грантлари ҳамда тўлов-контракт асосидаги қабул квоталарига мувофиқ амалга оширилади.

Академиянинг умумий белгиланган қабул кўрсаткичлари квотасидан ташқари қўшимча квоталар ҳамда Академиянинг бакалавриатига ўқишга киришда имтиёзлар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига асосан белгиланади.

Академиянинг бакалавриат ва магистратурасига талабаликка қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан амалга оширилади.

Бакалавриат ва магистратурага қабул қилишни ташкил этиш тегишли ўқув йили учун ташкил этиладиган Академия қабул комиссиясига юкланади. Қабул комиссиясининг таркиби Академия ректорининг буйруғи билан тасдиқланади.

Академия ректори қабул комиссиясининг раиси ҳисобланади. Қабул комиссиясининг жорий ишларини масъул котиб ташкил қилади.

Қабул комиссияси ҳужжатларни қабул қилиш тартиби ва муддатлари, бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларининг номлари ҳамда Академия бакалавриати ва магистратурасига қабул квоталари ҳақидаги маълумотни абитуриентлар ҳамда жамоатчиликка олдиндан етказади.

Академияга қабул қилиш тартиби, ҳужжатларни қабул қилиш муддатлари, бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларининг номлари, Академия бакалавриати ва магистратурасига қабул квоталари ҳақидаги маълумот Академиянинг расмий веб-сайти, шунингдек, ахборот стендларида жойлаштирилади.

Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг бакалавриатига ўқишга қабул қилишда абитуриентлар қуйидаги ҳужжатларни қабул комиссиясига тақдим этадилар:

ректор номига бакалавриат таълим йўналиши, ўқув тили ва шакли кўрсатилган ариза;

умумий ўрта таълим (11-синф негизида) ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси (академик лицей, касб-ҳунар коллежи)ни тугатганлиги ҳақидаги ҳужжатнинг асл нусхаси;

паспорт нусхаси (16 ёшга тўлмаган шахслар туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхасини тақдим этади);

3,5 х 4,5 см ҳажмдаги 6 дона рангли фотосурат;

меҳнат дафтарчасидан белгиланган тартибда тасдиқланган кўчирма (мавжуд бўлса).

Академия бакалавриатига ўқишга қабул қилиш икки босқичда ўтказилади:

дастлабки имтиҳон (ёзма);

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган кириш тест синовлари орқали.

Дастлабки имтиҳондан муваффақиятли ўтган абитуриентларга Давлат тест марказининг махсус дастури орқали Академияни ҳамда бошқа бир нечта олий таълим муассасасини танлашга ва тест синовларида иштирок этишга рухсат берилади.

Академия магистратурасига ўқишга қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида” 2017 йил 20 июндаги 393-сон мувофиқ амалга оширилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид