Ўзбекистон | 09:04 / 07.05.2020
4222
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда «UzVС» миллий венчур жамғармаси ташкил этилади

Инновацион ғоялар ва стартаплар экотизимини қўллаб-қувватлаш инфратузилмасини яратиш ва “UzVС” миллий венчур жамғармаси фаолиятини ташкил қилиш чора-тадбирлари қабул қилинади.

Вазирлар Маҳкамасининг “Инновацион ғоялар ва стартаплар экотизимини қўллаб-қувватлаш инфратузилмасини яратиш ва “UzVС” миллий венчур жамғармаси фаолиятини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва Тараққиёт ва ривожланиш жамғармаси билан биргаликда:

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида “UzVС” миллий венчур жамғармасини ташкил этиш;

Жамғарманинг бошланғич устав капитали (фонди)ни 30 миллиард сўм миқдорида белгилаш;

Жамғарма бошланғич устав капитали (фонди)ни шакллантиришда Ўзбекистон Республикаси Тараққиёт ва ривожланиш жамғармасининг маблағлари ҳисобидан улушини – 50 фоиз, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг улушини – 50 фоиз улушларда шакллантириш тўғрисидаги таклифлари маъқулланади.

Қуйидагилар Жамғарманинг асосий вазифалари этиб белгиланади:

инновацион ғоялар ва стартаплар экотизимини қўллаб-қувватлаш инфратузилмасини яратиш;

юқори технологик инновацион ғоялар ва лойиҳалар ҳамда стартапларни молиялаштириш ва хусусий инвесторларни жалб қилиш учун имтиёзли cубсидиялар, инвесторлар билан шерикликда венчур фондлар очиш каби инвестицион инструментларни (“Fund of Funds”) ишлаб чиқиш;

Жамғарма устав капитали ҳисобидан юқори технологик стартап лойиҳаларини 150 миллион сўмдан ошмаган ҳолда молиялаштириш ва мониторингини олиб бориш.

Белгиланишича:

Жамғарма юридик шахс ҳисобланиб, ўз мустақил баланси, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги шахсий ғазна ҳисобварақлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси давлат герби тасвири ва давлат тилидаги ўз номи туширилган муҳр, штамп ва бошқа белгиларига эга;

Жамғарманинг устав капитали бошқа манбалар орқали оширилишига рухсат берилади;

Жамғарма юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан, хорижий юридик ва жисмоний шахслар билан шерикликда венчур лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида венчур жамғармаси муассиси бўлиши мумкин;

Жамғарманинг ташкилий тузилмаси халқаро тажрибадан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Тараққиёт ва ривожланиш жамғармаси билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан тасдиқланади;

Жамғарма директори Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Тараққиёт ва ривожланиш жамғармаси билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан тайинланади;

Жамғармани сақлаш харажатлари Жамғарманинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

Жамғарма учун самарадорликнинг энг муҳим кўрсаткичлари (“KPI”) халқаро тажрибадан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Тараққиёт ва ривожланиш жамғармаси билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан белгиланади;

Жамғарма бошқарувига малакали ва халқаро тажрибага эга чет эл ёки Ўзбекистон фуқаролари жалб этилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Инновацион ривожланиш вазирлигининг Жамғарманинг устав капиталидаги улушини шакллантириш учун 15 миллиард сўм миқдоридаги маблағ 2020 йил Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан вазирлик учун ажратилган маблағлар доирасида молиялаштиради.

Ўзбекистон Республикаси Тараққиёт ва ривожланиш жамғармаси 15 миллиард сўм миқдоридаги маблағни Жамғарманинг устав капиталидаги улушини шакллантириш учун молиялаштиради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид