Ўзбекистон | 11:23 / 07.05.2020
3579
3 дақиқада ўқилади

Қишлоқ хўжалиги бўйича Ўзбекистон-Чехия ишчи гуруҳи тузилади

Гуруҳнинг вазифаси ушбу соҳада ўзаро савдо ҳажмини оширишдан иборат бўлади.

Жорий йилнинг 5 май куни Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари С.Умурзоқов видеоконференцалоқа орқали Чехия бош вазирининг ўринбосари, саноат ва савдо вазири, транспорт вазири К.Гавличек билан музокаралар ўтказди.

Томонлар ўзаро ҳамкорлик кўламини кенгайтиришнинг устувор соҳалари сифатида қишлоқ хўжалиги, тиббиёт ва тиббий асбоб-ускуналар ишлаб чиқариш, автомобилсозлик, металлургия, қишлоқ хўжалиги техникалари, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, тўқимачилик тармоқлари, хусусан, нано-тўқимачилик, нотўқима материаллар ва техник тўқимачилик соҳаларини алоҳида таъкидлаб ўтди. Бу соҳаларда икки мамлакатнинг тегишли идоралари биргаликда истиқболли инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиб, салоҳиятли шериклар билан ҳамкорликни амалга оширадилар.

Томонлар жорий йилнинг иккинчи ярмида иқтисодий, саноат ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Чехия ҳукуматлараро комиссиясининг 9-йиғилишига тайёргарлик кўриш бўйича жадал иш олиб боришга ва унинг доирасида икки давлат ишбилармон доиралари иштирокида бизнес-форум ўтқазишга, шунингдек, Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан Чехия Саноат ва савдо вазирлиги ўртасида икки томонлама иқтисодий муносабатларни чуқурлаштириш тўғрисидаги меморандумни ҳамда Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан Чехия Меҳнат ва ижтимоий ишлар вазирлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги Битимни тайёрлаш ва имзолашни тезлаштиришга келишиб олдилар.

Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги бўйича Ўзбекистон-Чехия ишчи гуруҳини тузиш тўғрисидаги келишувга эришилди, гуруҳнинг вазифаси ушбу соҳада ўзаро савдо ҳажмини оширишдан иборат бўлади.

«Чехия Экспорт банки», Чехиянинг «Юни Кредит Банк» филиали ва EGAP (Экспорт кафолат-суғурта жамияти) каби ташкилотлари билан ўзаро алоқаларни ўрнатиш, лойиҳалар учун имтиёзли молиялаштиришни жалб қилиш ҳамда молия ва суғурта соҳасида Ўзбекистон мутахассисларнинг малакасини ошириш ва молия-техникавий соҳадаги ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор берилади.

Чехия томони Ўзбекистонга Жаҳон савдо ташкилотига киришда, «GSP+» Европа Иттифоқининг имтиёзлар тизими бенефициар-мамлакати мақомини олишда ва ЕИ билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик битимини имзолашда ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.

Учрашув якунида аниқ инвестиция ва савдо битимларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, икки томонлама ҳамкорликнинг янги истиқболли йўналишларини аниқлаш, шунингдек, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий, техникавий ва гуманитар соҳалардаги барча келишувларни амалга оширилишини мониторинг қилиш учун икки мамлакат ташқи иқтисодий идоралари раҳбарлари ўринбосарлари даражасида қўшма ишчи гуруҳини тузишга келишиб олинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид