09:11 / 09.05.2020
24466

Нукусга қирувчи самолёт келтирилди

7 май куни Жасорат боғи экспонатларидан ўрин олган бир дона Су-17 қирувчи самолёти Тошкент шаҳридан келтирилди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳридаги “Мотамсаро она” ҳайкали жойлашган Хотира хиёбонининг орқа томонида Жасорат боғи барпо этилиши бошлангани ҳақида хабар берилганди.

Коронавирус пандемияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида жорий этилган карантин сабаб айни боғда қурилиш-монтаж ишлари вақтинча тўхтатилган эди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати хабарига кўра, шу кунга қадар боғда жами 8 дона техника: Т-64 танки, пиёдалар жанговар машиналари, зирҳли транспортёрлар ҳамда артиллерия ва зенит қурилмалари ўрнатилган. 7 май куни боғ экспонатларидан ўрин олган бир дона Су-17 қирувчи самолёти Тошкент шаҳридан келтирилди.

Карантин қоидаларининг юмшатилиши ҳамда қурилиш ишларини ижтимоий масофа ва шахсий гигиена талабларига риоя этган ҳолда амалга оширишга берилган рухсатдан кейин боғда қурилиш-монтаж ишлари давом эттирилмоқда. 

Билдирилишича, Жасорат боғи “Мотамсаро она” ҳайкали жойлашган майдоннинг орқа томонида, илгари ташландиқ бўлиб ётган ҳудуднинг деярли 100 сотих майдонида бунёд этиляпти. Боғни яратиш концепциясига асосан у ердаги 153 квадрат метр майдонда Иккинчи жаҳон уруши йиллари қорақалпоқ халқи ва қорақалпоғистонликларнинг матонати, ғалабага қўшган ҳиссаси акс этган бир қаватли хотира музейи, пневматик милтиқдан ўқ отиш тири, ҳарбий альпинизмни ривожлантириш мақсадида скалодром, ҳарбий объектларни қўриқлашда фойдаланиладиган соқчиларнинг кузатув минораси, жанггоҳларни акс эттирадиган окоп, блиндаж ва ертўлалар ҳамда жанговар техникалар ўрин олади. 

Уруш йилларида юртдошлар қаҳрамонликларини акс эттириш учун Мудофаа вазирлиги музей фондига яқиндан кўмак бериб, ҳозирда жамланаётган экспонатлар ҳамда ҳарбий техникаларни тақдим этиши белгиланган. Музей фонди бошқа манбалардан ҳам тўлдириб борилади.

Top