Жаҳон | 16:23 / 09.05.2020
47789
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон чегарадаги отишма сабабли Тожикистонга норозилик нотаси йўллади

Қирғизистон ТИВнинг маълумот беришича, отишма оқибатида мамлакат чегара хизматининг уч нафар ҳарбийси ва бир нафар маҳаллий фуқаро "оғир яраланган".

Фото: Видеодан кадр

Қирғизистон чегарада содир бўлган можаро оқибатида бир неча киши оғир яралангани сабабли Тожикистон элчисига норозилик нотаси топширди. Бу ҳақда Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

Хабарда айтилишича, 9 май куни Тожикистоннинг Қирғизистондаги элчиси Қирғизистон ТИВга чақиртирилган. Унга Қирғизистон ҳарбийлари ва фуқаролари ўққа тутилгани учун норозилик нотаси топширилган.

Қирғизистон ТИВнинг маълумот беришича, отишма оқибатида мамлакат чегара хизматининг уч нафар ҳарбийси ва бир нафар маҳаллий фуқаро "оғир яраланган".

Хабарда айтилишича, ушбу вазият учун барча жавобгарлик Тожикистон томонида бўлиб, Бишкек "келгусида вазият кескинлашмаслиги ҳамда айбдорларни жавобгарликка тортиш учун зудлик билан чоралар кўрилишини талаб қилади".

Қирғизистон чегара хизмати маълумотларига кўра, можаронинг бошланишига Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги Чек қишлоғида 50 сотих ердан фойдаланиш сабаб бўлган. Қирғизистон томонининг таъкидлашича, ушбу участка расман “бирор томон ҳисобига расмийлаштирилмаган”, бироқ Қирғизистон фуқаролари томонидан қўлланади.

Дастлаб икки томондан 30-40 киши бир-бирига тош ота бошлаган, сўнгра отишма бошланган.

Ўз навбатида Тожикистон миллий хавфсизлик қўмитаси чегара қўшинлари матбуот хизматида таъкидланишича, можарога Қирғизистон фуқаролари томонидан Тожикистонга тегишли 4 гектар ернинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши сабаб бўлган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид