Тошкентда «Шон-Шараф» музейи очилди
Уруш. Дунёни тақсимлаб олиш, унга ҳоким бўлиш учун олиб борилган даҳшатли уруш. Иккинчи жаҳон уруши. Ушбу даҳшатли тарих саҳифаси ёпилганига бу йил 75 йил бўлди. 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан янги тарихнинг бу саҳифасида қилинган улкан хатолар яна бир бор ёдга олинади.
Миллион-миллион ёстиғи қуриган инсонлар тақдири эсланади. Бу тақдирлар орасида 1 млндан ортиқ фронтга борган ўзбекистонликларнинг аччиқ қисмати, уларнинг ортида турган яқинлари, қариндошлари тақдири, фронт ортида бўлганларнинг ҳам беминнат хизмати ётади.
Энг янги тарихимизда Иккинчи жаҳон уруши, унда Ўзбекистон иштирокини унутишга уринишлар бўлди. Ваҳоланки, тарих саҳифаларини холис ўрганиш, ундаги хатолардан сабоқ чиқаришгина келгусида шундай машъум хатоларга йўл қўймасликнинг асосий омили ҳисобланади.
Маълумки, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентнинг Олмазор туманида тарихий фактни тиклаш мақсадида Ғалаба боғини ташкил этиш ташаббуси билан чиққан эди. Унинг таркибида”Шон-Шараф” музейи ҳам барпо этилди. Kun.uz мухбири ушбу музейда бўлиб, экспонатлар билан танишди. Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиларининг бебаҳо тарихий ашёларини музейга тақдим этган айрим ватандошлар билан суҳбатлашди.
“Президент Шавкат Мирзиёевнинг Тошкентда Ғалаба боғи ҳамда унинг таркибида “Шон-Шараф” музейини ташкил этиш ташаббусини эшитган онларда бу янгиликни ҳис-ҳаяжон билан қабул қилдик.
Иккинчи жаҳон уруши фахрийси, Рейхстагга Ғалаба байроғини ўрнатиш амалиёти иштирокчисининг фарзандлари, кўзларимизда ёш билан тўпланиб, шу вақтгача уйда сақлаб келган бебаҳо тарихий ашёларни ушбу музейга топширишга қарор қилдик.
Отамизга тегишли ашёларни музейга тақдим этарканмиз, бу нарсалар келгуси авлодга, фарзандларимизга қолишини тушуниб етдик. Улар тинчлик қандай баҳо эвазига эришилганини унутмасликлари керак.
Таъкидлаш лозим, Ўзбекистонда илк бор замонавий усуллардан фойдаланилган ҳолда экспонатларга бой муассаса ташкил этилди. Иккинчи Жаҳон урушида иштирок этган ўзбекистонликларнинг фарзандлари томонидан ушбу музейга турли ашёлар тақдим этилди. Суҳбатдошларимиз бизларга оталари ҳикоя қилиб берган айрим тарихий фактларни ҳам сўзлаб беришди.
“Адамларнинг бир ҳикояларини айтиб бераман. У кишининг “За Отвагу” – “Жасорати учун” номли орденлари бор.
1945 йили Чехословакияда постда турган эканлар. Адамлар танкка қарши пушкада постда турган. Эрталаб наҳорда бўлган воқеа бу. Сўзлаб беришларича, кутилмаганда танк овози эшитилган. Дурбинда қараса, душман танки. Шерикларни уйғотишга вақт йўқ. Пушкага снарядни жойлаб, ўзлари наводчик (йўналтирувчи) бўлганлари учун танкни нишонга олганлар. Душман танкларининг биринчини аниқ урган. Буни кўриб турган қўмондон адамни олқишлаб, ушбу орденни бериш кераклигини айтган”, - дейди Қобил Ҳасанов.
“Менинг хотирамда муҳрланиб қолган хотиралар ҳақида сўзлайдиган бўлсам, биз катта бўлиб қолганимизда отам кўрсатган Гала фирмасининг соатлари бўлган. Бу соатни унга Гиммлернинг уйида тақдим этишган. Бу соатлар Рейхстагда сақланган.
Уларни Қизил Майдонга биринчи бўлиб қадам босган аскарларга тақдим этишни режалаштиришган. Аммо, воқеалар ривожи тескари натижа берган. Шундан сўнг, бу соатларни Рейхстагга биринчи кирган аскарларга беришга қарор қилинган. Отам уни узоқ вақт уйда сақлади, аммо кейинчалик, уни Москва шаҳридаги Қуролли кучлар музейига топширди”, - Равшана Исоқова.
Мавзуга оид
18:07
ИИВ тузилмасида Дониёр Тошхўжаев ва яна икки мансабдор лавозимидан озод этилди
18:52 / 23.11.2024
Президент Тошкентда «Хушнуд» маҳалласи аҳолиси билан учрашди
16:37 / 23.11.2024
Шавкат Мирзиёев: Тадбиркор — иқтисодиёт пойдевори, давлат таянчи
10:51 / 23.11.2024