23:58 / 10.05.2020
11997

Қозоғистонда ўқитувчиларни ҳимоя қилувчи янги қонуний тартиб кучга кирди

Қозоғистонда ўқитувчиларни касбий фаолиятига алоқадор бўлмаган ишларга жалб этганлик ва улардан ортиқча ҳужжатларни талаб қилганлик учун жавобгарлик белгиланган. 10 май кунидан кучга кирган қарор билан педагоглардан талаб қилинадиган ҳужжатлар рўйхати тасдиқланди.

Фото: Informburo.kz

Бу ҳақда мамлакат Таълим ва илм-фан вазири Асхат Аймагабетов маълум қилди.

«Мен 2020 йил 6 апрель куни имзолаган, педагогларнинг ортиқча ҳисобдорлиги муаммосини ҳал этувчи 130-сонли буйруқ кучга кирди. Буйруқ билан ўрта, техник ва профессионал таълим ташкилотлари педагоглари тўлдириши мажбурий бўлган ҳужжатларнинг аниқ рўйхати белгилаб қўйилди», – деб ёзди вазир Асхат Аймагамбетов Facebook саҳифасида.

Вазирнинг тушунтиришича, бу ҳужжат билан ўқитувчиларни кўплаб ҳисоботлардан қутқариш учун ҳуқуқий асос яратилган.

«Энди вазирлик томонидан тасдиқланган аниқ рўйхат бор. Бу рўйхатга кирмайдиган ҳужжатларни ўқитувчидан талаб қилиш «Педагог мақоми тўғрисида»ги қонун ва Маъмурий кодексга асосан жавобгарликка сабаб бўлади: улар тегишли органлар томонидан жаримага тортилиши мумкин», – дейди Аймагамбетов.

У президент Қосим-Жўмарт Тўқаев август ойидаги конференцияда айнан шундай топшириқ берганини эслатиб ўтган.

Белгиланган қоидаларни бузганлар 55 минг тенге ($130)дан 333 минг тенге ($790)гача маъмурий жаримага тортилади.

Қозоғистон таълим ва илм-фан вазири янги ўрнатилган тартиб ҳақида батафсил маълумот берди.

«Биринчидан. Энди фан ўқитувчилари ҳар куни иккита ҳужжатни тўлдирадилар: синф журналини юритиш ва яқин истиқболдаги дарслар режасини тайёрлаш. Шунингдек, ўқув йили бошида ўрта муддатли истиқбол учун тақвим-мавзувий режалар тузиш ва ҳар чорак якунида мезонлар бўйича баҳолаш ҳужжатларини тўлдириш талаб этилади. Қолган барча турдаги кўплаб ҳужжатлар бекор қилинади.

Фото: Қозоғистон Таълим ва илм-фан вазирлиги

Агар ўқитувчи ёш педагогга устозлик ҳам қилса, у ҳолда бунинг учун тахминан 17 минг тенге ($40) устама ҳам олади ва бунда ўқитувчи тайёрлаши керак бўлган ҳужжатлар рўйхатига ёш ҳамкасби билан биргаликдаги фаолияти юзасидан тайёрлайдиган битта методик ҳужжат ҳам қўшилади.

Агар ўқитувчи синф раҳбари бўлса, ўқув йили бошида тарбиявий ишлар режасини тайёрлайди; бу режани амалга ошириб бориш баробарида ота-оналар мажлиси ҳақидаги протоколларни электрон форматда тўлдириб боради, ўқувчиларнинг табелларини тўлдиради, зарурат туғилганда ўқувчиларнинг шахсий ҳужжатларини янгилайди.

Мактаблар раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари учун ҳам юритилиши керак бўлган энг зарурий ҳужжатлар рўйхати тасдиқланиб, барча ортиқча ҳужжатлар бекор қилинди.

Коллеж ўқитувчиларидан қуйидаги ҳужжатларни тайёрлаш этилади: ўқув йили бошида – ишчи ўқув дастури ва тақвим-мавзувий режа; ҳар куни – дарс режаси, назарий ва ишлаб чиқариш таълими ҳамда индивидуал машғулотлар журнали.

Фото: Қозоғистон Таълим ва илм-фан вазирлиги

Ўқитувчилардан талаб этиладиган ҳужжатлар сонини кескин камайтириш бўйича шу каби ишлар мактабгача таълим ва олий таълимда ҳам амалга оширилмоқда.

ОТМлар ўқитувчиларида ҳам керак қоғоз ишлари жуда кўп. Вазирлик назорати сабабли юритиладиган ва нормативларда белгиланган ҳужжатлар тўлиқ қайта кўриб чиқилмоқда; ҳозирга келиб уларнинг кўпини бекор қилиш бўйича қарор қабул қилинган. Мисол учун, кафедра фаолияти режаси, комиссиялар протоколлари, ишчи ўқув режалари ва шу каби ҳужжатлар бекор қилиняпти.

Вазирлик ОТМлардаги ички жараёнларни назорат қилмаслиги, фақатгина таълим натижалари бўйича умумий талабларга эътибор қаратиши керак. ОТМлардаги ўзгаришлар ҳақида алоҳида маълумот берилади.

Ишончим комилки, ортиқча ҳисобдорликни олиб ташлаш ва ҳужжат шаклларини унификация қилиш, биринчи навбатда, педагогнинг елкасидаги юкни камайтириб, унга ўз ишига ижодий ёндашиш имконини беради; бу орқали кераксиз ҳужжатлар алмашуви мақбуллаштирилади; турли шакллардаги ҳужжатлар воситасида маълумот йиғишдек эскирган амалиётга барҳам берилади.

Таълим жараёни марказида бола, унинг шахсияти туриши керак. Шунинг учун ҳам вазирлик педагогни кераксиз юмушлардан озод этишни мақсад қилган, токи у бутун иш вақтини болаларга, уларнинг билим даражасини оширишга ажрата олсин, педагогда ўқувчилар билан якка ҳолда шуғулланишга ҳам вақти бўлсин.

Қозоғистон Таълим ва илм-фан вазири Асхат Аймагамбетов
Фото: primeminister.kz

Шу билан бирга, зарурий шароитни яратиб, юкламани камайтирар эканмиз, биз педагоглардан юқори профессионализм ва таълим жараёнининг сифатини талаб қилишимиз жоиз.

Ўқитувчилар қоғозбозликка кўмиб юборилган, уларни ўз вазифасига кирмайдиган ишларга жалб этишади, каби гапларни эшитиб ўрганиб қолганмиз; ўқув дастурлари ва дарсликларни ишлаб чиқишга кўплаб эътирозлар бор, яъни таълим сифатига путур етаётганига сабаб сифатида шу сингари турли омиллар сабаб қилиб келтирилади. Шу ва шу каби муаммолар ҳал қилинмоқда, уларнинг ечимини топиш бўйича ишлар келгусида ҳам давом этади, лекин таълим сифати доимо биринчи навбатда педагогнинг профессионал маҳоратига боғлиқ бўлади. Шундай экан, ўқитувчи мунтазам ўз устида ишлаши, ўз профессионал савиясини ошириб бориши зарур.

Иккинчидан, жавобгарликка тортиш ваколати кимга тегишли?

Педагогларни ўз касб вазифаларига кирмайдиган ишларга жалб этиш, улардан лавозим мажбуриятларига оид бўлмаган ортиқча ҳужжат ёки маълумот талаб қилиш ҳолатлари бўйича мурожаат келиб тушганда, Таълим ва илм-фан вазирлиги Таълим ва илм-фан соҳасида сифатни таъминлаш қўмитасининг ҳудудий департаментлари ҳуқуқбузарлик қайд этилгани бўйича навбатдан ташқари текширув ўтказилишини Бош прокуратуранинг Ҳуқуқий статистика ва махсус ҳисобга олиш қўмитаси органларида рўйхатдан ўтказади ва таълим ташкилотларига бориб ёки бормасдан текширувни олиб боради», – деб ёзади Қозоғистон таълим ва илм-фан вазири Асхат Аймагамбетов.

Қуйидагилар ҳуқуқбузарлик рўй берганини исботловчи далиллар деб ҳисобланади:

  • педагоглар ўз касбий фаолиятларига алоқадор бўлмаган ишга жалб этилганини кўрсатувчи фото ва видеолар; хатлар, буйруқлар, актлар, протоколлар ёки педагоглар ўз вазифасига кирмайдиган ишга жалб қилинганини тасдиқловчи бошқа материалларнинг нусхалари;
  • педагогдан Қозоғистон Республикасининг таълимга оид қонунчилигида кўзда тутилмаган ҳисоб-ҳужжатлар ёки ахборотлар талаб қилинганини тасдиқловчи ёзма топшириқлар ёки уларнинг нусхалари, буйруқларнинг нусхалари ва шу каби бошқа материаллар;
  • Қозоғистон Республикаси қонунчилигида кўзда тутилмаган текширув ўтказилгани кўрсатувчи фото ва видеолар ҳамда бошқа материаллар;
  • педагог бирор бир товарни сотиб олишга ёки хизматдан фойдаланишга мажбурланганини кўрсатувчи фото ва видеолар, чеклар, товар ҳисоблари, счет-фактуралар, квитанциялар ва бошқа материаллар;
  • педагог мактаб томонидан ташкил этилмаган тадбирларда қатнашишга мажбурланганини кўрсатувчи фото ва видеолар, хатлар нусхалари, буйруқлар, актлар, протоколлар ва бошқа материаллар.

«Агар биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этаётган шахслар ўз айбини тан олса, Қўмита ва ҳудудий орган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида протокол тузмайди ва айбдор шахсга огоҳлантириш бериш ҳақида қарор қабул қилади», – дейди вазир.

Маълум қилинишича, такрорий ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилади. Жарима миқдори – энг кам иш ҳақининг 20 баробаридан 120 баробаригача: 55 минг тенгедан 333 минг тенгегача ($130–$790).

Маълумот учун, Қозоғистонда «Педагог мақоми тўғрисида»ги қонун шу йилнинг 11 январидан кучга кирди. Қонун билан қатор ўзгаришлар, жумладан ўқитувчилар маошини 25 фоизга ошириш белгиланган.

Top